Туркиялик профессор Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асари таржимасига бағишланган онлайн семинар ўтказди
Айни кунларда мамлакатимизда “Covid-19” инфекцияси туфайли карантин эълон қилиниши кундалик ҳаётнинг буткул тўхтаб қолишини англатмайди.
Ўзбекистонда тожсимон вирус билан боғлиқ вазият ўз вақтида тўғри баҳоланиб, бир қарашда кескин туюладиган, аммо аслида ўта зарур бўлган чоралар кўрилди.
Шундай эпидемиологик мураккаб вазият бўлишига қарамай, юртимиздаги корхона, ташкилот ва идораларда иш тўхтаб қолгани йўқ.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари ҳам Махсус комиссия кўрсатмалари ва карантин талаблари асосида ишни тўғри ташкил қилиб, белгиланган йиллик режалар ва халқаро миқёсда эришилган келишувларни ўз вақтида сифатли бажариш мақсадида тизимли чора-тадбирларни амалга оширмоқда.
Жорий йилнинг 2-4 март кунлари Самарқандда ўтказилган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ҳам Марказ жамоаси учун янги имкониятлар эшигини очди.
Конференция доирасида дунёнинг етакчи исломшунос олимлари билан соҳага доир маълумотлар алмашиниб, муҳим келишувларга эришилди. Жумладан, таниқли мотуридийшунос олим, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини турк тилига таржима қилишда иштирок этган, унга муҳаррирлик қилган Туркиянинг Мармара университети профессори Юсуф Шавқий Явуз билан Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли сунна” асари таржима ва таҳрири бўйича ўзаро тажриба алмашиш мақсадида илмий семинар ташкил қилишга келишиб олинган эди.
Карантин сабабли жорий йилнинг 20 апрель куни ушбу илмий семинар онлайн тарзда ташкил этилди. Унда туркиялик олим, Марказ илмий ходимлари ва ўзбекистонлик бир гуруҳ тадқиқотчилар иштирок этди.
Профессор Юсуф Шавқий Явуз Имом Мотуридийнинг “Таъвилот ал-Қуръон” асарини турк тилига таржима қилиш жараёни, бу борадаги қийинчиликлар, орттирилган тажриба ҳақида сўзлади. Олимнинг айтишича, Мотуридий илмий мероси узоқ вақт мобайнида ислом уламолари ва оддий мусулмонлар эътиборидан четда қолиб келган. Фақат ХХ аср бошларида дунё сиёсий коньюктурасида рўй берган ўзгаришлар яна буюк олим асарларини қизиқиш объектига айлантирди.
Юсуф Шавқий Явуз “Таъвилот ал-Қуръон” асарининг турк тилига таржима қилиниши Мотуридий даҳосининг янгидан кашф этилишига олиб келганини, кўплаб тест-сўровлар ўтказилиб, кенг афкор омманинг диққати жалб қилинганини мамнуният билан таъкидлади.
“Ислом илми ва маданияти узоқ давр мобайнида Ғарбдан ортда қолиб келди, баъзи ҳолларда унга эргашган даврлар ҳам бўлди. Калом илми, фиқҳшунослик каби йўналишлар жойида қотиб қолди. Ислом илми ривожланиш ўрнига эски ҳукмлар барқарор сақланиб келди”, деди профессор Юсуф Шавқий Явуз.
Унинг фикрича, ислом таълимотида ижтиҳодга эҳтиёж жуда катта эди ва буни қоплашда айнан Имом Мотуридийнинг мазкур асари жуда муҳим манба, илмий-амалий пойдевор бўлди. Ислом дунёси ўрта асрлар аҳкомларига тақлид қилмаслик, масалаларни ечишда биринчи галда ақлга суяниш, қисқа қилиб айтганда, ижтиҳодни иҳё (жонлантириш, фаоллаштириш) қилиш йўлига ўта бошлади.
Юсуф Шавқий Явузнинг таъкидлашича, Мотуридий меросининг узоқ вақт эътибордан фаромуш бўлиб келганининг сабаби у зот яшаб ижод қилган Самарқанд билан ислом дунёси илмий марказлари ўртасидаги катта масофада ҳам эмас.
Зеро, ўша кезлари Самарқанд Буюк Ипак йўлининг энг гавжум чорраҳаси эди. Турклар бугунги кунда Истанбул шаҳрини бежиз ўша пайтдаги Самарқандга қиёсламайди. Чунки бугун кўҳна Константинополь дунё мамлакатларини боғлайдиган манзилга айланган.
Туркиялик олим “Таъвилот ал-Қуръон” тафсирга оид асар бўлса-да, ўзида чуқур фалсафий ва ижтиҳодий ғоя ва фикрларни ҳам жамлаганини таъкидлади. Унинг фикрича, кимларгадир кўр-кўрона эргашиш, моҳиятини теран англамай туриб қандайдир ғоялар йўлини тутиш орқали ҳаққа етишиб бўлмайди. Афсуски, мусулмонлар узоқ давр мобайнида тақлид асосида, халқ орасида кенг тарқалган сўфийликнинг анъаналарига юзаки эргашган ҳолда, зоҳирий эмас, ботиний йўлларда чалғиб келди. Имом Мотуридий таълимоти эса ақли солиҳга суянган, ижтиҳодни иҳё қилган ҳолда ҳаққа етишишни таклиф қилади.
Шу муносабат билан Мармара университети профессори Самарқанд шаҳрида “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференция ўтказилгани, Ўзбекистонда Имом Бухорий, Имом Термизий марказлари каби Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини очишга қарор қилингани айни муддао бўлганини алоҳида қайд этди.
Қизиқарли савол-жавоблар тарзида давом этган семинарда Имом Мотуридийнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси, мотуридия таълимотини ўрганишнинг аҳамияти, “Таъвилот ал-Қуръон” асарини таржима қилишнинг ўзига хос жиҳатлари атрофлича муҳокама этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида айни кунларда Имом Мотуридийнинг “Таъвилоти аҳли сунна” асари ўзбек тилига таржима қилинмоқда. Туркиялик олим бу борада марказ ходимларига муваффақият тилаб, таржима асносида буюк алломанинг ёзув услубиятига, туркий, арабий ва фиқҳий истилоҳларга (атамалар) ўта диққатли бўлиш, мутаржимлар ишларини бирлаштиришда асарнинг бир инсон томонидан ёзилган эканини кўрсата олиш ғоят муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Марказ жамоаси Юсуф Шавқий Явузга “Таъвилоти аҳли сунна” асарини ўзбек тилида нашр этиш ишларида илмий маслаҳатчи сифатида қатнашишни таклиф этди. Олим таклифни мамнуният билан қабул қилиб, бу хайрли тадбирда иштирок этишдан бахтиёр бўлишини айтди.
Мулоқот якунида қисқа фурсатда Марказда яна бир илмий-амалий семинар ўтказиш, Туркия ислом тадқиқотлари муассасалари билан алоқаларни янада кенгайтиришда саъй-ҳаракатларни ўзаро бирлаштиришга келишиб олинди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизмати.