Туркманистонда “UzAuto Motors” автомобилларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

4 октябрь куни бўлиб ўтган "Ўзбек-туркман форуми" доирасида «Ўзавтосаноат» АЖ ва «Туркменистан-Моторс» АЖ Туркманистон ҳудудида автомобиль, қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни ташкил этиш мақсадида меморандум имзолади.

Меморандум доирасида томонлар икки мамлакат ўртасида саноат ҳамкорлигини ривожлантиришни мақсад қилган.

Меморандум имзолаш маросимида «Ўзавтосаноат» АЖ бошқарув раиси Шавкат Умрзоқов ва «Туркменистон-Моторс» АЖ бошқарув раиси Фурқат Айдашев иштирок этди.

Ушбу меморандум доирасида «Туркменистон-Моторс» АЖ ишлаб чиқариш объектларида UzAuto Motors автомобилларини ишлаб чиқариш бўйича шартнома тузиш режалаштирилган. Бу йўналишдаги ҳамкорлик Туркманистонда автомобиль компонентлари ишлаб чиқаришни ва экспорт бозорларига сотишни ташкил қилишни ҳам назарда тутади.

Бундан ташқари, «Ўзавтосаноат» тизимига кирувчи корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган бошқа транспорт воситалари (пикаплар, юк машиналар ва автобуслар), қишлоқ хўжалиги ва тиркама ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш тўғрисида келишувга эришилди.