Тузоққа илинган давр саёҳатчилари

#Ўқинг_қизиқ!

Гарчи олимлар келажакка ва ўтмишга саёҳат қилиш мумкинлигига шубҳа қилишса-да, вақти-вақти билан ўзларини давр бўйлаб саёҳат қилганини даъво қиладиганлар топилмоқда ёки баъзи бир ҳодиса ва ашёвий далиллар рўкач қилинмоқда.

Чарли Чаплин фильмидаги мобиль телефон

Режиссёр Жорж Кларк Чарли Чаплиннинг "Цирк" кинофильмидаги бир неча “саҳна ортидаги” кадрларни эътибор билан кўриб чиқиб, қулоғига ингичка асбоб ушлаб олган аёлга кўзи тушди. Агар фильм бугун суратга олинганда, муболағасиз ҳар бир киши бу қурилмани мобиль телефон дейиши аниқ эди. Бироқ сурат олиш ишлари 1928 йилда бўлиб ўтган.

Хўш, Жорж Кларк нимани кўрган экан? Наҳотки, бу аёл давр саёҳатчиси бўлса? 1928 йилда уяли алоқа хизмати бўлмаган пайтда у қандай қилиб телефон орқали гаплашиши мумкин? Ёки унинг қўлида бошқа саёҳатчилар билан алоқа қиладиган асбоб бўлганми?

Алоқа-чи? Алоқа қандай амалга оширилган? Эҳтимол, аёл қўлида бошқа асбобни тутгандир, масалан эшитиш аппарати, лекин бир вақтнинг ўзида у гапиряпти. Балки у ақлдан озган бўлгандир? Суратдаги киши ўзи аёлми ёки эркак? Афсуски, буни аниқлашнинг иложи бўлмаяпти.

XXI аср бошидан 1941 йилга тушиб қолган  олифта

2012 йилда Канада музейидаги кўргазмада 1941 йилда Ванкувер  кўпригининг очилишида туширилган фотосурат қўйилди. Музейга келганлар бир суратда вақт саёҳатчисини кўришди. Суратдаги киши 1941 йилда яшаган меҳнаткашлардан кўра кўпроқ замонавий мегаполис яшовчисини эслатиб, қора кўзойнак таққани ва у пайтларда ҳали русумга кирмаган футболка ва кардиган кийгани билан ажралиб тутарди. Бундан ташқари, у  ўтган асрнинг 40-йилларида бўлиши мумкин бўлмаган портатив камерани ушлаб турарди.

Мутахассислар суратни монтаж қилинганлигини аниқлаш мақсадида ўрганиш учун экспертизага олиб кетишди. Аммо уларга фотосурат қалбакилаштирилмаганлиги тўғрисидаги хулоса берилди. Олимлар ҳам бу ҳодиса сабабини тушунтира олишмади.

Ўтмишдан келган автомобиль қурбони

1950 йил июнь ойининг ўрталарида фожиали воқеа содир бўлди: машина 19 аср русумида бўлган кийимдаги киши - Рудольф Фетцни уриб кетди, у ҳалок бўлди. Полиция тергов бошлади ва кутилмаганда 29 ёшли марҳум 1876 йилда изсиз ғойиб бўлгани аниқланди. Унинг ёнида мисдан қилинган пиво идиши, от ва аравани парвариш қилиш  тўғрисидаги қонун лойиҳаси, 1876 йил санаси кўрсатилган хат, 70 доллар ва бир нечта ташриф қоғозлари бўларди. Нарсаларининг ҳаммасида ҳеч қандай қариш аломати йўқ эди, бу полициячиларга 1876 йилдан тўғри 1950 йилга тушиб қолган саёҳатчининг жасади, деб тахмин қилиш имконини берди. Наҳотки, у яна бир давр саёҳатчиси бўлса? Негадир улар ҳаддан ташқари кўпайиб кетмоқда. Кимдир ўзининг узоқ саёҳатларида бепарволик билан аниқ излар қолдирмоқда.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.