Украинанинг Харьков вилоятида мотам куни эълон қилинди
Харьков вилоятида жума кунидан шанбага ўтар кечаси “Ан-26” ҳарбий транспорт самолётининг фалокатга учрагани туфайли 26 сентябрь мотам куни, деб эълон қилинди. Бу ҳақда воқеа жойига етиб борган мамлакат президенти Владимир Зеленский қарор қабул қилди.
“2020 йил 25 сентябрь куни Харьков вилояти Чугуев шаҳри яқинида режалаштирилган ўқув парвозлари вақтида “Ан-26” ҳарбий самолётининг ҳалокатга учраши оқибатида содир бўлган ва Украина Қуролли кучлари Ҳаво кучлари ҳарбий хизматчиларининг ўлимига сабаб бўлган фожиа муносабати билан қурбонлар хотирасини ёд этиш учун қарор қабул қилдим. Украинада 2020 йил 26 сентябрь мотам куни”, дейилган ҳужжатда.
Фармонга биноан, мотам куни бутун Украина бўйлаб давлат ҳокимияти ва маҳаллий ҳокимият органлари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар биноларидаги давлат байроқлари туширилиши керак. Барча кўнгилочар концерт дастурлари бекор қилинади, теле ва радио дастурларга ўзгартиришлар киритилади.
Шунингдек, давлат раҳбари ҳалокат сабабларига зудлик билан аниқлик киритилиши ва объектив тергов ҳаракатлари олиб борилиши зарур эканлигини алоҳида таъкидлади.