Вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳисобот берди

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг эллик тўртинчи сессияси ўтказилди.

Кенгаш котибияти мудири Ш.Йўлдошев бошқарган сессияда давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 24 августдаги “Маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ўринбосарларининг уларга юкланган вазифаларни бажаришда шахсий масъулиятини кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича 2021 йил IV чоракда ва йил давомидаги фаолияти самарадорлиги кўрсаткичлари бажарилиши ҳақида ҳисобот берди.

– Қарорга асосан, менга жами 39 та йўналишда энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини таъминлаш вазифаси юклатилган, – деди вилоят ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари – иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғи Ж.Ўроқов. – Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, вилоят бўйича ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми тўртинчи чоракда 13,4 триллион сўмга, йил якуни билан эса 51,2 триллион сўмга (114,3 фоиз) етказилиши кутилмоқда. Аҳоли жон бошига тўғри келадиган маҳсулот ҳажми 12,9 миллион сўмга тўғри келади. Саноатнинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши тўртинчи чоракда 14,7 фоиз, йил якунида 14,7 фоизга етди.

Ж.Ўроқов шу тарзда барча йўналишлар бўйича эришилаётган натижалар ҳақида маълумот берди. Ўз навбатида йўл қўйилган камчиликлар ва эътибор қаратилиши лозим бўлган масалаларга тўхталди.

Вилоят ҳокимининг капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари А.Шукуров ўзи масъул бўлган 20 йўналиш бўйича, вилоят ҳокимининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо бошқармаси бошлиғи О.Хўжаев инвестицияларни жалб қилиш ҳамда ташқи савдо йўналишида 16 та асосий KPI (Key Performance Indicators) самарадорлик кўрсаткичлари бажарилиши бўйича, шунингдек, Ф.Абилов 21 та, Х.Очилов 21 та, Д.Мамадқулов 12 та, Р.Қобилов 15 та ва И.Жабборов 24 та асосий мезонлар бўйича ҳисобот берди.

– Кенгаш сессияларида йил давомида турли дастурлар ижроси юзасидан ҳоким ўринбосарларининг ахборот ва ҳисоботларини эшитамиз, – дейди халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Б.Хўжаёров. – Лекин бугунги каби ҳисоботлар ўринбосарларнинг ўзлари масъул бўлган комплексда амалга оширилаётган ишлар юзасидан улар фаолиятига баҳо беришда муҳим аҳамиятга эга. Яна бир эътиборли томони, бу ҳисоботларни эшитиш билан бирга ўзимиз сайланган сайлов округидаги ижтимоий-иқтисодий ҳолат, аҳолининг мурожаатлари асосида ўринбосарларга ўз таклиф ва тавсияларимизни ҳам билдирамиз.

Сессияда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2022 йил I ярим йилликдаги ва доимий комиссияларнинг 2022 йилга мўлжалланган иш режалари тасдиқланди.

Вилоят Кенгаши депутати, Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши раиси С.Рафиқов “Аёллар дафтари”ни шакллантириш бўйича учинчи босқич бошлангани ва амалга оширилиши режалаштирилган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.