Хитойда йўловчи кемаси ағдарилди, қурбонлар бор

Кеча, 18 сентябрь куни Хитойнинг жануби-ғарбий қисмидаги Гуйчжоу провинциясида йўловчи кемаси ағдарилиб, 8 киши ҳалок бўлди, яна етти киши бедарак йўқолди, дея хабар беради Люпаньшуй ҳукумати.

Воқеа шанба куни маҳаллий вақт билан 16:50 да (Тошкент вақти билан 13:50) содир бўлган. 40 кишини ташишга мўлжалланган кема Лужи махсус туманидаги Цзанкэ дарёсида ағдарилди.

Бугун соат 08:10 (Тошкент вақти билан 05:10) ҳолатига кўра, 31 киши қутқарилди.

Қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда, маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳодиса сабабларини ўрганмоқда.