Хориж воқеалари қисқа хабарларда: Жанубий Корея президенти яна ҳарбий ҳолат эълон қилиши мумкин. Исроил Қоҳирада ҲАМАС билан музокарага тайёрланмоқда

🔹 Жанубий Кореядаги ҳукмрон партия вакили ОАВга мамлакат президенти яна ҳарбий ҳолат эълон қилиши мумкинлигини тахмин қилган ва Юн Сок Ёл ваколатларини муддатидан олдин тўхтатиб туриш лозимлигини айтган. Жанубий Кореяда бир ҳафта ичида иккинчи марта ҳарбий ҳолат жорий этилиши мумкинлиги ҳақидаги фикр аллақачон таранг ҳолатдаги мамлакатни саросимага солди. Асосий фонд индекслари тушиб кетди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳолат билан боғлиқ ҳеч қандай чора кўрилмагани ва хавотирга сабаб йўқлигини маълум қилди. Президенти Юн Сок Ёл чоршанба куни ҳарбий ҳолат бекор қилинганидан бери омма олдига чиқмади.

🔹 Исроил раҳбарияти Мисрнинг янги таклифини муҳокама қилган ва келаси ҳафта бошида Қоҳирага музокаралар гуруҳи юборишга қарор қилинган. Қатар ва Миср воситачиларига кўра, ҲАМАС гаровга олинганларни озод қилиш масаласини муҳокама қилишга тайёр. Аёллар, болалар, ярадор ва оғир касалларга устунлик берилади. Алмашишнинг аниқ шартлари ҳозирча ошкор этилмаган.

🔹 Бағдодда Ироқ, Сурия ва Эрон ташқи ишлар вазирларининг уч томонлама учрашуви бошланди. Музокараларнинг асосий кун тартиби Суриядаги воқелар бўлади.

🔹 Россияда курьерлик - етказиб бериш хизмати энг юқори ҳақ тўланадиган соҳалардан бирига айланди. 2024 йилнинг январ-ноябрь ойлари учун курьерларнинг ўртача даромади ойига 115 минг рублдан ошди, бу шифокорлар, ўқитувчилар ва ҳаттоки айрим IT мутахассисларнинг маошидан ҳам юқори.

🔹 Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маск Доналд Трампнинг президентлик кампаниясига тахминан 260 миллион доллар сармоя киритган. Сайловдан сўнг Маск Трамп атрофидаги асосий шахсга айланди, унинг қароргоҳига мунтазам ташриф буюради. Манбаларга кўра, у амалда маъмуриятнинг норасмий маслаҳатчисига айланган.

🔹 Грузияда мухолифат уюштирган норозилик намойишлари деярли бир ҳафтадан бери тинмай, пойтахт ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларини қамраб олди. Мухолифат ўтган парламент сайловлари натижаларини бекор қилиб, барча демократик меъёрларга риоя қилган ҳолда қайта сайлов ўтказишни талаб қилмоқда.

🔹 Эрон Ташқи ишлар вазирлиги Украинани Суриядаги террорчи гуруҳларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақириб, бу каби ҳаракатлар терроризмга қарши кураш бўйича халқаро мажбуриятларга зид эканини айтди.

🔹 Мехико шаҳрида қондаги инфекция 13 боланинг ҳаётига зомин бўлди. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги Мехико штатидаги тўртта касалхонада 14 ёшгача бўлган 20 нафар бемор касаллик юқтиргани, улардан 13 нафари вафот этгани ҳақида хабар берди. Ушбу эпидемия вена ичига юборилган парентерал озиқлантириш эритмалари ёки уларни юбориш учун ишлатиладиган ифлосланган асбоб материаллари билан боғлиқ бўлиши мумкин", дейилади баёнотда.

🔹 Вақтинчалик ёки доимий равишда кўчиб ўтиш учун жой танлашда одамлар асосан мамлакатда яшаш нархига эътибор беришади. 2024 йилда муҳожирлар учун дунёдаги энг арзон 10 та давлатни InterNations аниқлади: улардан биринчи ўринда Вьетнам, иккинчи Колумбия ва учинчи Индонезия, шунингдек, Панама, Филиппин, Ҳиндистон, Мексика, Таиланд, Бразилия, Хитой кўрсатилмоқда. Европа давлатлари орасида хорижликлар учун энг арзон яшаш жойи Португалия ва Испанияда – улар мос равишда 13 ва 14-ўринларни эгаллаган.