Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўйилмайди
Президентимизнинг 2019 йил 7 мартда "Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.
Унга мувофиқ, 2019 йил 1 майдан бошлаб юртимизда аёллар меҳнатини муайян соҳа ёки касбларда қўллаш бўйича тақиқлар бекор қилинади. Тавсиявий характердаги аёллар соғлиғига салбий таъсир этиши мумкин бўлган соҳа ёки касблар рўйхати тасдиқланади. Бола парваришлаш таътилининг камида уч ойи ота томонидан фойдаланилган тақдирда, ота ёки онадан бирига қўшимча бир ой нафақа тўланадиган бола парваришлаш таътили берилади. Икки ёшга тўлмаган фарзандини тарбияловчи ота-оналарнинг бирига уларнинг иш пайтидаги дам олиш ва овқатланиш, болани овқатлантириш учун бериладиган танаффуслар ҳисобидан иш берувчи билан келишган ҳолда кун давомида фойдаланиладиган танаффус вақтини белгилаш ҳуқуқи берилади.
Шунингдек, аёлларнинг пенсия ёшига тўлганлиги ёки қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи вужудга келганлиги сабабли улар билан тузилган номуайян муддатли меҳнат шартномасини 60 ёшга тўлгунга қадар ёки муддатли меҳнат шартномасини муддати тугагунга қадар иш берувчининг ташаббусига кўра бекор қилиш тақиқланади.
Эркак ва аёллар ҳуқуқлари тенглигининг бузилиши билан боғлиқ ишларнинг судларда кўриб чиқилишида аёлларга адвокатлар томонидан кўрсатиладиган юридик хизмат учун ҳақ уларнинг хоҳишига кўра давлат ҳисобидан қопланади.
Шунингдек, қарор билан, нодавлат нотижорат ташкилот мақомига эга бўлган "Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари" ташкил этилиши белгиланди. Хотин-қизларнинг гендер камситилишига йўл қўймаслик мақсадида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси кўмагидаги хотин-қизларнинг гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссия тузилади.
– Оила масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган, оилаларимизнинг мустаҳкамлиги ва фаровонлиги таъминланаётган бир даврда мазкур қарорнинг имзоланиши аёлларимиз учун ҳақиқий байрам совғаси бўлди, – дейди "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази вилоят бошқармаси бошлиғи Зебунисо Шодиева. – Қарор билан хотин-қизларнинг меҳнат ва пенсия соҳасидаги ҳуқуқлари, гендер тенглигини таъминлаш бўйича мутлақо янги кафолатлар белгиланди. Уларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларни тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт мобайнида бола тарбияси билан банд бўлган оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбларга қайта тайёрлаш учун кўмаклашадиган хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари ташкил этиладиган бўлди. Уларнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун имтиёзли кредит асосида 100 миллиард сўм кредит ажратиш белгиланди. Бу маблағнинг 50 фоизи қишлоқларда истиқомат қилаётган аёлларимизнинг тадбиркорлик билан шуғулланишлари учун йўналтирилади.
Бундан ташқари, "Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида" ҳамда "Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш тўғрисида"ги қонунлар ишлаб чиқилиши белгиланди.