Янги таҳрирдаги Солиқ кодекси инсофли ва ҳалол тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш» деб номланган учинчи йўналишида макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш каби масалалар белгиланган.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни рағбатлантириш, солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш, солиқ маъмуриятини такомиллаштириш ҳамда тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш каби чора-тадбирлар ижросини таъминлашда янги таҳрирда қабул қилинган Солиқ кодекси алоҳида аҳамиятга эга.
Чунки иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштириш шароитида бизнесни юритиш ва ривожлантиришда, шунингдек, солиққа тортиш жараёнларида солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларнинг кўплиги, самарасиз солиқ имтиёзларининг мавжудлиги ва хуфиёна иқтисодиётнинг авж олиб бориши каби омилларни бартараф этиш учун янги таҳрирдаги Солиқ кодекси ишлаб чиқилиши зарур эди.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг қабул қилиниши жараёнида солиқ солиш тизимини соддалаштириш, уни очиқ, ошкора амалга оширишни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятида солиқ юкини камайтириш орқали инвестициявий фаолликни ошириш, барча учун адолатли ва мутаносиб солиқ тизимини яратиш масалалари кенг муҳокама қилинди.
2020 йилнинг 1 январидан қонуний кучга кирган ва 21 бўлим, 71 боб, 480 моддадан иборат ушбу Солиқ кодекси солиқ қонунчилигида янги қоида ва нормаларни ўзида акс эттирди.
Солиқ юкини камайтириш ва уни соддалаштириб, унификация қилиш йўналишида:
Ягона ижтимоий тўлов ўрнига ижтимоий солиқ, ягона солиқ тўлови ўрнига – айланмадан солиқ, қатъий белгиланган солиқ ўрнига - жисмоний шахсларнинг даромадларига, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда илгари берилган имтиёз ва солиқни ҳисоблаш хусусиятларини сақлаб қолган ҳолда, қатъий белгиланган миқдордаги солиқ турлари жорий этилди.
Эндиликда ҳисобварақ-фактуралар қоида тариқасида электрон кўринишда расмийлаштирилиши белгиланди. Ўз навбатида, энди товар ва хизматлар реализацияси жараёнида ҳисобварақ-фактураларнинг электрон шаклда тақдим этишлиши лозимлигини англатади. Солиқ тўловчилар энди электрон ҳисобварақ-фактуралар операторини ўз хоҳишига кўра танлашлари мумкин.
Солиқ маъмуриятчилигини янада такомиллаштириш йўналишида:
Солиқ тўловчи қарзларини ундириш унинг дебиторидан олинадиган суммага қаратилиши бекор қилинди. Бунинг натижасида тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ҳисоб рақамидаги товар ва хизматлар реализацияси айланмаси янада кўпаяди.
Солиқ идораси ходимларининг масъулиятини ошириш мақсадида эндиликда солиқ органлари ортиқча тўланган ёки ортиқча ундирилган солиқларни ўз вақтида қайтариш жараёни такомиллаштирилди.
Хусусан, ундирилган солиқ ва молиявий санкциялар суммаларини, ушбу суммаларни ундириш (тўлаш) даврида амалда бўлган Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасидан келиб чиқилади. Бунда солиқ суммасини қайтариш жараёни ҳар бир кечиктирилган кун учун солиқ тўловчига фоиз тўлаш орқали тартибга солинади. Айни ушбу механизм йўлга қўйилиши билан агарда тадбиркорлик субъектларидан ортиқча пул маблағлари ундирилганда, унинг қайтарилиши зудлик билан таъминланишига эришилади.
Янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг ўзига хос жихатларидан яна бири шундаки, унда илк бор солиқ органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланди. Шунингдек, солиқ муносабатлари доирасида қонун ҳужжатларини тўғри бажариш мақсадида солиқ тўловчилар билан ҳамкорлик қилиниши шартлиги каби тамойил ўрнатилди. Ушбу қоиданинг амалга киритилиши бевосита соҳа ходимларининг солиқ тўловчилар олдида масъулиятини оширади.
Эндиликда солиқ текширувларининг 13 та тури қисқартирилди ва текширув турлари қуйидаги кўринишга келтирилди:
а) камерал солиқ текшируви
б) сайёр солиқ текшируви (солиқ тўловчининг айрим кўрсаткичларини жойига чиққан ҳолда ўрганиш);
в) солиқ аудити.
Этибор қилиниши лозимки, солиқ аудитини ўтказишда зарарий шарт сифатида давлат солиқ хизмати органлари мазкур текширув тайинланганлиги тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилни хабардор қилиши лозимлиги белгиланди.
Эндиликда юқорида ҳавола этилган текширишларнинг барчаси инсон омилисиз, фақат “Таҳлика-таҳлил” дастури асосида 3 та сегментга бўлиш асосида амалга оширилади. Бунда солиқ органлари томонидан тадбиркорлик субъектлари 42 та мезон асосида 3 сегментга, яъни, “виждонли”, “шубҳали” ва “мунтазам ҳуқуқбузарлар”га ажратган ҳолда, улар билан алоҳида фаолият ташкил этиш йўлга қўйилади.
Текширишларнинг холис ва қонунийлигини таъминлаш учун жараёнлар инсон омили аралашувисиз амалга оширилади. Бунинг натижасида солиқ текширувларининг шаффофлиги (транспарентлиги) таъминланади.
Энди солиқ идоралари жарималарни профилактик тадбирлар ўтказгандан кейингина қўллай олади. Бу эса солиқ муносабатларига киришган солиқ тўловчиларга фаолиятида билдирилган камчиликларни ўз вақтида тузатишига имкон беради.
Бугунги кунда янги кодексга асосан солиқ турларининг сони 13 тадан 9 тагача камайтирилди ва солиқ тўловчиларга солиқ режимини танлаш, уларни тўлаш тартибида қонуний белгиланган имтиёзлар тақдим этилмоқда.
Чунончи, якка тартибдаги тадбиркор солиқ тўлаш тартибини танлаш жараёнида солиқни қатъий белгиланган миқдорда ёхуд жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисида декларация асосида тўлаши мумкин.
Солиқ тўловчи ўз мажбуриятларини бажаришида унда танлаш ҳуқуқининг мавжудлиги унинг фаолияти эркинлигини кафолатлайди. Яъни, тадбиркорлик субъектлари ягона ижтимоий тўловни 12 фоиз миқдорда тўлайди. Муқаддам бу миқдор 25 фоизни ташкил этган.
Мисол учун, қишлоқларда сартарошхона хизматларини, якка тартибдаги буюртмалар бўйича кийим тикиш хизматларини, пойабзал таъмирлаш хизматларини амалга ошираётган, жамоат ҳаммомларини ташкил этган якка тартибдаги тадбиркорлар 2023 йил 1 июлга қадар барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилди (аҳоли сони 5 минг кишидан кўп бўлган аҳоли пунктлари бундан мустасно).
Шу билан бирга, ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги товарларини реализация қилишдан олинган фойдаси бўйича қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхоналар фойда солиғини 0 фоиз миқдорида тўлаши белгиланди. Бунда реализация қилинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажми 90 фоиздан ортиқни ташкил этиши лозим.
Амалдаги Солиқ кодекси билан эндиликда тадбиркорлар учун пулли ёки бепул асосда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ёки у ваколат берган орган иштирокисиз солиқларни тўлашни кечиктириш ёки бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини тақдим этишнинг янги шаффоф механизми жорий қилиняпти. Ушбу имкониятни тақдим қилиш ваколатлари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга берилиши назарда тутилган.
Мухтасар айтганда, янги таҳрирдаги Солиқ кодексининг ишлаб чиқилиши иқтисодий дастаклардан бири бўлган солиқ қонунчилигини такомиллаштириш билан бирга, инсофли ва ҳалол тадбиркорлик фаолиятини рағбатлантиришнинг ҳуқуқий кафолатларини мустаҳкамлайди.
Бекзод МИРЗАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилояти етакчи инспектори.