Ёнғинларнинг аксарияти эътиборсизлик оқибатида келиб чиқяпти
Ички ишлар вазирлиги томонидан чоршанба - ёнғин хавфсизлиги профилактикаси куни, деб эълон қилинган. Шу муносабат билан Қўшработ туманида тарғибот тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, туманнинг энг чекка ҳудудида жойлашган Соригул маҳалласида ўтказилган тадбир давомида туман фавқулодда вазиятлар бўлими ёнғин хавфсизлиги бўлими ходимлари томонидан 320 та хонадон ўрганилиб, 40 та хато ва камчилик аниқланди, уларнинг 35 таси жойида бартараф этилди.
Аксарият ёнғинлар фуқароларимизнинг эътиборсизлиги, хавфсизлик қоидаларига амал қилмаганликлари туфайли содир бўлмоқда. Оқибатда уй-жойлар, моддий бойликларнинг ёниб кетиши, фуқароларнинг куйиш ва ўлим билан боғлиқ ҳолатлар ҳам кузатилмоқда. Масалан, шу йил 16 июнь куни тумандаги Қўролос маҳалласида яшаган фуқаро Азамат Маҳкамов маст ҳолда сигарет чекиб, ухлаб қолиши оқибатида хонадоннинг 100 квадрат метр қисми ёниб зарарланган, ўзи эса вафот этган.
Яна бир мисол, шу йилнинг 26 июнь куни Қовунчи маҳалласида яшовчи фуқаро Ҳолиқул Воҳидовга тегишли хонадон ошхонасида газ плитасига ёғ қўйиб, назоратсиз қолдиргани оқибатида хонадоннинг 30 квадрат метр қисми ёниб зарарланган.
Бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Хуллас, шу йилнинг ўтган даври мобайнида 46 та ёнғин ҳодисаси содир бўлиб, 3 нафар фуқаро куйиш оқибатида тан жароҳати олган, 1 нафар фуқаро вафот этган.
Қиш фасли яқинлашиб, кунлар совий бошлади. Фуқароларимизнинг хонадонларни иситишда ёнғин хавфсизлиги қоидаларига амал қилиши, жамоатчилик назоратини кучайтириш зарур.
Асрор ҒАНИЕВ,
Қўшработ тумани ёнғин хавфсизлиги бўлими бошлиғи.