Йўл ҳаракати қоидаларидаги ўзгаришлардан хабардормисиз?

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 9 апрелдаги "Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қарорига кўра, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати соҳасида бир қатор янгиликлар рўй берди. Бу нималарда ўз аксини топмоқда?

Самарқанд шаҳридаги 4 та чорраҳага видеокузатув мосламалари ўрнатилгандан кейин қоидабузарликлар сони сезиларли даражада камайди. Аммо мазкур тизим амалга жорий этилиши баробарида қоидаларнинг айрим бандларига тўлдиришлар киритиш зарурати туғилди. Бу ерда гап 5.33 рақами билан белгиланган тўхташ чизиғи тўғрисида кетяпти. Видеокамералар бу қоидабузарликни ҳам тасвирга туширар, ҳайдовчилар эса айрим ҳолларда "машинам ғилдираги тўхташ чизиғини босмаган, олдинги нуқтаси чизиқ устида турибди" қабилида эътироз билдиришарди.

Эндиликда 5.33 йўл белгисига киритилган таҳрирга кўра, транспорт воситасининг энг олдинги нуқтаси тўхташ чизиғи устига чиқиб кетмаслиги керак.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 78-банди 2-хатбошиси қуйидаги кўриниш олди: "Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар кенгаши, Тошкент шаҳар ва вилоятлар ҳокимликлари, ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда йўл шароитлари юқори ва кичик тезликда хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган ҳолларда йўлларнинг айрим қисмлари ёки ҳаракатланиш бўлакларида айрим транспорт воситаларига ҳаракатланиш тезлигини оширишга ва пасайтиришга (тегишли йўл белгиларини ўрнатиб) ваколатлидир".

Аввалги таҳрирда фақат тезликни ошириш назарда тутилган эди. Лекин таҳлиллар тезликни ошириш баробарида уни пасайтириш ҳам зарурлигини, транспорт воситалари ҳаракатланиш тезлигининг ошиши йўл транспорт ҳодисасида фуқароларга етказилган жароҳат оғирлигининг тезликка нисбатан геометрик прогрессия тарзида ошишига олиб келишини кўрсатди. Йўл транспорт ҳодисалари таҳлилидан келиб чиққан ҳолда, эндиликда ҳокимликлар айрим йўл участкаларида тезликни пасайтиришлари ҳам мумкин бўлади. Бу албатта, ДЙҲХХ билан келишилган ҳолда йўл белгилари ўрнатилгач амалга оширилади.

Йўл ҳаракати қоидаларининг 88-банди 2-хатбошиси қуйидаги таҳрирда баён қилинди: "Аҳоли пунктларидаги иккита ҳаракат бўлаги бўлган ва ўртада трамвай изи бўлмаган бир томонлама ҳаракат ташкил этилган йўлларда тўхташ ва тўхтаб туришга рухсат этилади".

Бу ўзгартириш кўча ва йўллар ўтказувчанлигининг ошишига хизмат қилади.

Яна бир ўзгариш - эндиликда транспорт воситаларини йўлнинг қатнов қисми четида параллел равишда бир қатор, кажаваси бўлмаган икки ғилдиракли транспорт воситаларини икки қатор қилиб қўйишга рухсат этилади. Шуни инобатга олган ҳолда 89-бандга "қатнов қисми четига параллел равишда" сўзи қўшилди.

"Чорраҳада ҳаракатланиш" деб номланган бобнинг 98-бандига киритилган ўзгартишга асосан, "айланма ҳаракатланиш чорраҳасида ҳаракатланаётган транспорт воситалари айланага кириб келаётган транспорт воситаларига нисбатан устунликка (имтиёзга) эга" бўлади.

Амалдаги йўл ҳаракати қоидаларида ҳаракат ташкил этилган чорраҳада ҳаракатланиш тартиби белгилаб берилмаган, айлана ҳаракат ташкил этилган жойлар бир-биридан фарқ қилар эди. Ҳаракатланиш йўл белгилари асосида ташкил этиларди. Қоиданинг 60-бандида ҳайдовчи ўнг томондан яқинлашиб келаётган транспорт воситасига йўл бериши кўрсатиб ўтилганди. Бу эса кўп ҳолларда айланада тирбандлик юзага келиб, кесишманинг ўтказувчанлигига салбий таъсир кўрсатарди. Эндиликда бу масалага ҳам ойдинлик киритилди.

Қоидаларнинг 138-банди эса қуйидаги таҳрирда баён этилди:

"Куннинг ёруғ вақтида барча автотранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шарт".

Бу хавфсизликни таъминлаш самарадорлигини ошириш мақсадида жорий этилди. Чироқлари ёқилган ҳолда ҳаракатланаётган транспорт воситаси тез эътиборга тушади. Ҳайдовчи ҳам, пиёда ҳам уни ўз вақтида илғаб олади.

"Юк ташиш" деб номланган бобнинг 162-бандига қуйидаги бешинчи хатбоши қўшилди: "...(автотранспорт воситаларининг очиқ юк ташиш платформаларида, иссиқ асфальт, йирик габаретли ва оғир юклардан ташқари, қурилиш материаллари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, саноат ва озиқ-овқат товарларини, шунингдек тўкиладиган бошқа юкларни ташишда) юк мажбурий тартибда брезент ёки бошқа қалин материаллар билан ёпилган бўлса". 

Яна бир ўзгариш велосипедчиларга тааллуқли. Эндиликда велосипедчилар рулни ушламасдан ёки бир қўлда ушлаб ҳаракатланиши (ман­ёврдан олдин ишоралар бериш бундан мустасно) тақиқланади.

Бундан ташқари, йўл-ҳаракати қоидаларининг 1 ва 2-иловаларига ҳам қўшимчалар киритилди. Бир қатор янги йўл белгилари жорий этилди.

Бу янгилик ва ўзгаришлар йўлларимизда ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади. Ҳаракат иштирокчилари бу ўзгаришларни тўлиқ ўзлаштиришлари ҳамда уларга амал қилишлари шарт.

Абдунаби НОСИРОВ,

вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси

бошлиғи, полковник.