15,5 миллион сўмдан зиёд алимент пулларини тўламаётган отага жиноят иши очилди

Фуқаролик ишлари бўйича Каттақўрғон туманлараро судининг суд ҳужжатига асосан қарздор О.У. томонидан ундирувчи Ҳ.Р.нинг фойдасига 4 нафар фарзандларининг вояга етгунларига қадар моддий таъминоти учун ҳар ойдаги иш ҳақи ва бошқа даромадларининг иккидан бир қисми миқдорида алимент пулини тўлаб бориши белгиланган.

Қарздор О.У.га илгари ҳам алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги сабабли, Пахтачи тумани маъмурий судининг қарори билан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 47(4)-моддаси билан 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Фуқаро О.У. маъмурий қамоқ жазосини ўтаб чиққандан кейин ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, вояга етмаган фарзандларини моддий таъминлашдан қасддан муттасил бўйин товлаб келган.

Бугунги кунга келиб унинг қарздорлиги 15 миллион 537 минг сўмни ташкил этган.

Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Пахтачи тумани бўлими томонидан фуқаро О.У.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 122-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мажбурий ижро бюроси Пахтачи тумани бўлими.