Келинни салонга олиб бораётган машина аварияга учради
Қашқадарё вилояти Муборак туманида тўй куни бўлажак келинни гўзаллик салонига олиб бораётган машина йўл-транспорт ҳодисасига учраган.
Маълум қилинишича, 21 март куни эрталаб соат 6:30 ларда Косон тумани “Айрончи” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Ғузор-Бухоро-Нукус-Бейнау” А-380 йўлида Муборак тумани Қорахитой қишлоғида яшовчи С.Р ўзининг бошқарувида бўлган “Нексия-2” русумли автомашинани Муборак туманидан Косон тумани марказига томон бошқараётган бўлган. У йўлнинг 96 километрига келганида, ўзи билан бир йўналишда олдинда ҳаракатланиб келаётган “Краз” русумли автомашинасининг орқа қисмига шатакка олинган носоз ҳолатидаги “Камаз” русумли автомашинанинг тиркамасининг орқа қисмига келиб урилиб, йўл транспорт ҳодиса содир қилган.
Оқибатда “Нексия-2” русумли автомашина ҳайдовчиси С.Р ҳамда ушбу автомашинада йўловчи сифатида кетаётган С.С., Х.Г. оғир тан жароҳати олиб воқеа жойида, А.Г. эса шифохонада вафот этган.
Автомашинада бўлган уч нафар йўловчи турли даражадаги тан жароҳати олиб шифохонага тушган.
Қашқадарё вилояти ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизмати хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан 21 март куни Қашқадарё вилояти ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.