Покистонлик генерал Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилди

Покистон Ислом Республикасининг генерал Содиқ Али бошчилигидаги делегацияси бугун – 30 май куни Самарқандга ташриф буюрди.

Меҳмонларни Самарқанд темирйўл вокзалида вилоят ҳокими ўринбосари Р.Қобилов  кутиб олди.

Делегация аъзолари дастлаб, Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилди. Мажмуа ёнида бунёд этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази билан танишув чоғида қисқа фурсатда бунёд этилган ушбу марказнинг яратилиш тарихи, унинг фаолияти ҳақида меҳмонларга батафсил маълумот берилди. Бу ердаги музей ва ундаги экспонатлар покистонликларда катта қизиқиш уйғотди.

Генерал Содиқ Али буюк муҳаддис Имом Бухорий ҳазратларининг бой илмий-маънавий меросини ўрганиш, бу зот тўплаган энг саҳиҳ ҳадислар ислом динининг асл мазмун-моҳиятини одамларга етказишда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.

Делегация аъзолари шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар ва муқаддас қадамжоларни зиёрат қилди.