Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Асаларичилар бу йил май ойида нега асал олмади?

Табиийки, энг шифобахш хушбўй асал баҳор мавсумида турли гиёҳлар гулидан олингани бўлади. Афсуски, табиат бу йил бунга имкон бермади.

Баҳор асаларичилар учун ноқулай келди. Асалариларни нектар йиғишига мавсумнинг серёғин келиши етарли имкон бермади. Кўпчиликка маълумки, асалларилар ёғингарчилик шароитида учмайди, яъни ишламайди. Иккинчидан, ёмғир кўп бўлиши дов-дарахтларнинг гуллаши ва чангланишига тўсқинлик қилади. Ҳатто тоғолди қир-адирларда асалари асал тўплаши учун энг сершира ҳисобланган оққуврайлар гулида ҳам нектар бўлмади. Бу йил «май асали» бўлмаганлигини қисқача ана шу табиий шароит билан изоҳлаш мумкин. Энди насиб бўлса, бу йўқотиш август ойида олинадиган асал билан қопланади.

Аслида табиий шароит қулай келган йилларда асалари бир йилда 4-5 марта асал бериши, битта оила 20 килограммгача асал йиғиши мумкин. Ёшим 74 да. Асли касбим шифокор, терапевт бўлиб ишлаганман. Пенсияга чиққач, бекорчиликда зерикиб қолмаслик учун 3 қути асалари харид қилиб иш бошладим. Бу инсон учун ҳар томонлама фойдали. Кўпроқ очиқ ҳавода бўласиз, бўш вақтингиз бўлмайди. Албатта, асалари боқиш ўта нозик ва сермашаққат иш. Айримлар ўйлаганидек уч-тўрт қути асаларини ҳовлига келтириб қўйган билан асал бермайди. Уни қишин-ёзин парвариш қилиш керак. Харажати жуда катта. Асал нархининг 45-50 минг сўм экани ҳам шундан. Мисол учун ҳозирда 64 та асалари оиласи боқяпмиз. Ўғлим Баҳром ёрдам беряпти. Эрта баҳорда уларни махсус прицепда қўшни Қўшработ туманига туташ қир-адирларга олиб чиқамиз. Кейин баҳорда гуллайдиган дов-дарахтлар даври тугагандан кейин пахта ёки бошқа гуллайдиган маданий экинзорларга, янтоқ гуллагач, даштларга кўчириб ўтамиз. Хуллас, буларнинг ҳаммаси техник-транспорт, меҳнат харажатларини талаб қилади. Йил охирига келиб 1,5 тонна ёки кўпроқ маҳсулот олиб, Иштихон бозорида махсус дўкончамиз орқали сотамиз, 45-50 миллион сўм пул бўлади. Унинг каттагина қисми юқорида айтганимиздек парваришлаш харажатларига кетади. Бундан ташқари, қишки мавсумда асаларини шакар билан боқишга тўғри келади. Ҳар бир оила асаларига ўртача 10 килограмм шакар берилади ва каттагина харажатни талаб қилади.

Асалари ўта ақлли ва покиза жонивор. Ишчи асалари ўзининг қисқа бир неча ойлик умри давомида машаққат билан турли шифобахш гуллар нектарини сўриб, асалга айлантириб беради. Ўзбекистон шароитида айниқса, тоғ ва тоғолди ўрмон ҳудудларида бундай имконият катта, йил давомида 5-6 марта ана шундай зоналарда кўчириб боқилган асалари, бир жойда боқиладиган асаларидан 2-3 баравар кўп маҳсулот беради. Лекин текисликда қишлоқ хўжалик экинлари касалликларига қарши кимёвий дори сепилиши асаларичиликнинг ривожланишига тўсқинлик қилади. Лекин нолимаймиз. Даромад рўзғор кам-кўстига, орзу-ҳавасларимизга етади. Энг муҳими, халқимизга шифобахш тансиқ неъмат етказиб беряпмиз.

Абдураҳим ОЧИЛОВ,

Иштихон тумани Ровот қишлоғи.