Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Иштихоннинг “таъмирланган” бозоридаги таъмирталаб дўконлар

Бозордаги гўшт растасининг олд кўриниши

Халқимизда эскидан қолган бир нақл бор: “Бирор миллатнинг маънавият ва маданиятини билмоқчи бўлсанг, бозорига ва мозорига бор”, дейдилар. Хўш, бизнинг бозорларимиз қай аҳволда?  

Иштихон деҳқон бозори яқинда таъмирланиб фойдаланишга топширилди. Бундан нафақат сотувчи ва харидорлар, ҳатто ҳайдовчилар ҳам жуда хурсанд. Чунки қарийб икки ой давомида йўлнинг қатнов қисмигача чиқиб борган сотувчилар машина қатновида ҳам бир қанча ноқулайликлар туғдираётган эди, деб ёзмоқда “Иштихон овози”.

Узоқ вақт давом этган таъмирлаш ишларидан сўнг бозор қандай кўринишда эканлигига қизиқиб, бозорга йўл олдик. Кираверишда замонавий кўринишга келтирилган дўкон ва расталарни кўриб кўзингиз қувнайди. “Мана бу бошқа гап!” деб юборасиз беихтиёр.

Аммо, ташқи қиёфаси чиройли кўриниш олган гўшт дўконларининг орқа томонига ўтсангиз, кўнглингиз хира тортиши шубҳасиз. Ажабо, “Сирти ялтироқ, ичи қалтироқ” деганлари шумикан?

Худди шу дўконнинг орқа тарафдан кўриниши

Бинонинг орқа девори эски ҳолича, яъни таъмирталаб аҳволда турибди. Бозорда “ишдан бўшатилган” эски расталар бетартиб тахлаб ташланган. Натижада бу ҳудуд ўз-ўзидан чиқиндихонага айланмоқда.

Бу ҳолни кўриб: “Эҳ аттанг, қачонгача хўжакўрсинга иш юритамиз-а?!”-дедик...