Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Коронавирус: Самарқанд иқтисодиётига таъсири қандай?

Дунё иқтисодиёти коронавирус пандемияси туфайли 2,7 триллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриши мумкин. Бу Буюк Британиянинг йиллик ялпи ички маҳсулоти, дегани. Яна 2020 йилда дунёда иқтисодий ўсиш 2,3 фоизга пасайиши башорат қилинмоқда.

Bank of Amerika мутахассисларининг фикрича, Хитойдаги вазият оғирлашса, иқтисодий ўсиш жаҳонда 2,8 фоизга пасаяди. Хитой экспорти январь-февраль ойларида 17,2 фоизга (292.45 миллиард АҚШ доллари) қисқарди. Импорт эса 4 фоизга (299.5 миллиард АҚШ доллари), ташқи савдо айланмаси 11 фоизга қисқариб, 591.9 миллиард АҚШ долларини ташкил этди.

Вилоятимиз бўйича 2019 йилда ялпи ҳудудий маҳсулот 37593,9 миллиард сўмни ташкил қилиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 4,1 фоизга ошган. Ташқи савдо айланмаси 1744504,7 минг АҚШ долларини ташкил этди. Шундан, 77,6 фоиз импортга тўғри келади. Импортнинг ҳажми экспортга нисбатан 3,5 баробар юқорилигича қолмоқда. Ижобий ўзгариш шундаки, экспорт (24,1 фоиз) импортга (3,7 фоиз) нисбатан юқори суратда ўсиб бормоқда.

Вилоятимизнинг ташқи иқтисодий фаолиятида Хитой Россия ва Туркиядан кейин учинчи ўринда туради. Агар Хитойнинг экспортдаги улуши 10-12 фоиз бўлса, импортдаги улуши 21,75 фоиз. Содда қилиб айтганда, вилоятимиз импортининг 1/5 қисми Хитойга тўғри келмоқда.

Статистик маълумотларга кўра, Хитойдан импорт қилинадиган товарларнинг бир кунлик ўртача суммаси 783,4 минг АҚШ долларини ташкил этмоқда.

Хитойдан импорт қилинадиган товарларимиз асосан илғор технологиялар, энергетик ускуналар, кимё маҳсулотлари ва халқ истеъмол товарлари ҳамда бутловчи эҳтиёт қисмларини ташкил этади.

Бош вазирнинг ўринбосари, давлат туризм қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг таъкидлашича, коронавирус пандемияси оқибатида бугунги кунгача мамлакатимиз туризм индустрияси 31 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўрди.

Вилоятимизнинг иқтисодий жиҳатдан етакчи ҳамкорларидан бўлган Хитой давлати билан вақтинча узилиш туризм соҳасига ҳам катта зарар етказди. Агар ўтган йили юртимизга Хитойдан келган сайёҳлар 40 минг кишини ташкил этган бўлса, мавсумийликни назарда тутиб олти ой ҳисобланса, ҳар бир туристнинг ўртача уч кун ватанимизда бўлиши кунига ўртача 850 АҚШ доллари миқдорида маблағ сарфлаши эътиборга олинса, 51 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар кўриш эҳтимоли бор.

Вилоятимиз ташқи савдо айланмасининг таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 2019 йил якуни бўйича жами импорт ҳажми экспортга нисбатан қарийб 3,5 баробар ошган.

Хўш, импортни қисқартириб экспортни ошириш учун нима қилиш керак?

Бунинг учун аввало, пластмас қувур, гранула, халқ истеъмол товарлари, сунъий ип, газлама ва пряжани ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш лозим. Пластмассани қайта ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳам яхши самара беради.

Иккинчидан,  қишлоқ хўжалик маҳсулотларини ишлаб чиқариш логистикасини ташкил қилиш лозим. Тайёрлов корхоналарини барпо этиб, аҳолидан қишлоқ хўжалик маҳсулотларини сотиб олувчилар ўртасида рақобат муҳитини яратиш;

Учинчидан, томчилатиб суғориш, ёмғирлатиб суғориш каби инновацион суғориш тизимларини жорий этиш;

Тўртинчидан, аҳолидан автомобиль шиналари, аккумуляторни харид қилишни йўлга қўйиш. Ишлатилган автошиналарнинг реставрация ва утилизация жараёнларини йўлга қўйиш;

Бешинчидан, Хитой ва Корея усулида ишлаб чиқарилган иссиқхоналарни маҳаллийлаштириш, маҳаллий иссиқхоналарни яратиш;

Олтинчидан, иккиламчи темир ва чиқинди асосида халқ истеъмоли ва қурилиш материалларини ишлаб чиқариш лозим.

Умуман олганда, барча ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини локализация қилиш масалаларига эътиборни кучайтириш керак.

Ўтган йил вилоятимиз бўйича 297230 тонна тирик вазнда гўшт ишлаб чиқарилган. Вилоятда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг асосий қисми деҳқончилик маҳсулотларини ташкил қилиб, мева-сабзавотнинг ҳиссаси республика миқёсида қарийб 18 фоизни ташкил этмоқда.

Коронавирус пандемияси муносабати билан импорт кескин камайиб экспорт ҳажмининг кўпайиши кутилмоқда. Эпидемия тарқалган мамлакатларда Ўзбекистон қишлоқ хўжалик маҳсулотларига, айниқса, мева-сабзавот ва деҳқончилик маҳсулотларига талаб кескин ошади. Экспортни ошириш учун аввало, унинг таркибида асосан озиқ-овқат товарлари (68,2 фоиз) эканлигини назарда тутган ҳолда вилоятнинг барча суғориладиган ер майдонларига такрорий экин экишни жорий этиш лозим. Бу мақсадга эришиш учун имтиёзли кредитлар, жарималар каби барча мавжуд иқтисодий дастакларни вақтинча 1 йиллик муддат билан қўллаш мумкин. Қуритилган мева ва сабзавотларни тайёрлаш ва экспорт қилиш логистикасини ишлаб чиқиш, машина ва ускуналар экспортининг ҳозирги 7,3 фоиз ҳиссасини янада ошириш керак. Бу товарларни экспорт қилишда давлат протекционизм сиёсатини фаоллаштириш, импорт қилинадиган товарларни валюталарга эмас, балки машина ва ускуналарга айирбошлашга туртки бўлади.  

Баҳодирхон САФАРОВ,

СамДУ профессори.

Аҳтам НИЗОМОВ,

СамДУ доценти.