Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нурободда боғчалар сони биттага ошди. Йил охиригача яна 21 та МТТ фаолияти йўлга қўйилади

Нуробод тумани марказидан олисда жойлашган Ўртабуз маҳалласида 11-сонли мактабгача таълим ташкилотининг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Жами 25 нафар мутахассис ва тарбиячилар фаолият олиб борадиган боғчада 160 нафар ўғил-қиз таълим-тарбия олиши учун барча шароитлар яратилган.

Қайд этилишича, бугун тумандаги 13 минг 888 нафар 3-7 ёшли болалардан 2450 нафари, 17,6 фоизи 60 та мактабгача таълим ташкилотларига қамраб олинган.

Йил охирига қадар инвестиция дастури асосида 495 ўринли яна 4 та давлат боғчалари ишга туширилади. Шунингдек, 2 та 135 ўринли давлат-хусусий шерикчилик асосидаги, 15 та 375 ўринли оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилади.

Бундан ташқари, 2020-2022 йилларда мактабгача таълим ташкилотлари объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва мукаммал таъмирлаш дастурига асосан 2020 йилда Халқобод, Тутли, Кечкелдик, Олтинсой, Булоқбоши, Ағрон маҳаллалари ҳудудида 600 ўринли, 2021 йилда Сарикул, Меҳнаткаш, Дўстлик, Қўрғонча, Жарқудуқ, Нурдум маҳаллалари ҳудудида 600 ўринли, 2022 йилда Сарой, Сазағон, Тепақул, Омондара, Тегирмонбоши, Гирдиқўрғон маҳаллалари ҳудудида 600 ўринли мактабгача таълим ташкилоти қурилиши режалаштирилган.

Қолаверса, 2023 йилга қадар 6 та давлат-хусусий шерикчилик асосида, 40 та оилавий МТТлар фаолиятини ташкил қилиш ҳамда 6 ёшли болаларни бошланғич таълимга мажбурий бепул тайёрлаш бўйича гуруҳлар ташкил этиш орқали қамровни 99 фоизга етказиш кўзда тутилган.