Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Саботаж” дейишдан аввал масала моҳиятини англаш керак

Ахборот тарқатишда ишлатилган ҳар бир сўз ва ибора мантиқий асосга эга бўлмоғи лозим. Шунинг учун ҳам биз Халқ таълими вазирининг kun.uz мухбири саволига берган жавобида самарқандлик ўқитувчиларнинг харид чеки йиғиш акциясидаги иштирокини “Президент топшириғига нисбатан саботаж” деб аташини мутлақо ўринсиз, деб ҳисоблаймиз.

Бу акция нафақат Самарқандда, балки бутун республикада солиқ тўлови қамровини кенгайтириш мақсадида ўтказилмоқда. Давлат солиқ қўмитаси веб-сайтида ҳам бу ҳақда маълумот бор. Энг фаол тарғиботчилар рағбатлантирилмоқда. Таълим муассасалари раҳбарлари мукофот олиш учун жамоасини ишдан кейин ёки тушлик пайтида акцияга жалб этган бўлса, бунинг нимаси ёмон ёхуд нимаси ноқонуний?

Қолаверса, вилоятга “Президент топшириғи саботаж қилиняпти” деб иддао қилишга нима асос бор? Ўқитувчини ҳимоя қилаётган идора, аввало, унинг мамлакатдаги ўзгаришлардан, таълимдаги янгиликлардан хабардор қилиши, ижтимоий ҳаётга фаол жалб этиши зарур эмасми? Ахир ижтимоий фаол бўлмаган, мажбурий обуна мумкин эмас, деган баҳона билан матбуот нашрларига кўз югуртирмаган, малака ошириш курси тест синовларида аксарияти “3” баҳо олган муаллимлардан ўқувчи нимани ўрганади?

Самарқанд вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедов масала муҳокамасига тўпланган раҳбарлардан ўз ходимларига хариддан кейин чек олишни эслатиб туришларини сўраган, бу ҳақда ҳеч бир таълим муассасаси раҳбари ёки шу соҳа мутасаддиларига қатъий топшириқ, вазифа берилмаган. Хўш, бундай одат ўқитувчига, умуман, ҳар бир харидор, истеъмолчига зарар келтирадими?

Шунинг учун масала моҳиятини нотўғри талқин қилгандан кўра, унинг моҳиятини тушуниб, кейин фикр билдириш ўринли бўлар эди, деб ҳисоблаймиз.