Самарқанд туманидаги мактаб ерлари эгаллаб олиняпти: Тойлоқ мактаблари бундан мустасноми?
Бу мавзуга жорий йилда учинчи бор тўхталишимиз. Сабаби кўтарилган масалага ечим топилмаган. Айтмоқчи бўлганимиз яна МАКТАБ! Мактабларнинг янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолатини ўрганиш бўйича бу сафарги манзилимиз Самарқанд ва Тойлоқ тумани бўлди.
Самарқанд туман мактабларига 673 тонна брикет ва 207 тонна кўмир ажратилди
– Самарқанд туманида 54 та мактаб ва 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази фаолият юритади, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири Баҳриддин Мардонов. – Янги ўқув йилидан бошлаб 40 минг 39 нафар ўқувчига 2233 нафар педагог-ходим сабоқ беради. Мактабларимиз деярли янги ўқув йилига тайёр ва биноларни куз-қиш мавсумида иситиш мақсадида ишлар давом этяпти. Жорий йил учун мактабларга 673 тонна брикет ва 207 тонна кўмир ажратилди. Бу туманимиздаги мактаблар учун кам эмас ва мавсум давомида етади.
Тумандаги 21-мактабга инвестиция дастури асосида 2 миллиард 382 миллион сўм ажратилиб, 360 ўринли қўшимча бино қурилди. 26-умумий ўрта таълим мактаби эса 1 миллиард 798 миллион 100 минг сўм маблағ эвазига капитал таъмирланмоқда. Шунингдек, 38 ва 42-мактаблар “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, 3 миллиард 762 миллион 300 минг сўмлик мукаммал таъмир ва 300 ўринли қўшимча бино қуриш ишлари кетмоқда. Шу билан бирга, бошқа мактабларни жорий таъмирлаш учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 139 миллион 549 минг сўм ҳамда иситиш қозонларини алмаштириш, мебель жиҳозлари ва компьютер воситалари учун 953 миллион 853 минг сўм ажратилган.
Янги мактабга ярашмаган эски парталар
26-умумий ўрта таълим мактабида қурилиш ишлари авжида. “Срочпласт сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Салим Жалоловнинг таъкидлашича замонавий қиёфага кираётган мактаб янги ўқув йилигача фойдаланишга топширилади.
– Мактабимиз 1968 йилда қурилган бўлиб, жуда хароб аҳволда эди, – деди мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Майсара Усмонова. – Биноси капитал таъмирланиб, замон талабларига мос шароит яратилмоқда. Аммо янги парталар берилмаётгани боис эскиларини яроқсиз бўлса-да, ишлатиш учун ранглаяпмиз. Улар янгилаганда ўқувчиларимизнинг қувончи янада ортарди.
Ҳақиқатан, мактаб янги бўляптию, бироқ парталар синиб, яроқсиз ҳолатга келиб бўлган. Уларга ранг бериб, янги бинога олиб кириладиган бўлса, қилинган ишлар ҳам кўзга кўриниши қийин. Ҳарқалай, “зовуч” айтганидик бу мактаб ўқувчилари ҳам замонавий парталарда ўтириб, билим олишни исташса не ажаб.
Спорт зали қуриш мумкин бўлган мактаб ери тадбиркорга берилди
Тумандаги 29-умумий ўрта таълим мактабидамиз. Очиғи, мактаб рақамини кўрмаган одам бу таълим муассасаси эканини билиши қийин. Негаки, атроф очиқ ва аҳоли хонадонлари мактаб билан боғланиб кетган. Муассаса раҳбари Нодира Буронова ҳам кўп йилдан буён шу муаммодан азият чекаётгани ва бир неча марта тегишли ташкилотларга мурожаат қилганини айтди. Гапнинг сўнгида эса “Шу масала бўйича бировга учрашишга ҳам юз қолмади”, деди опа.
Ҳа айтганча, мактабнинг бир томонида тадбиркор ҳам фаолият олиб борар экан. Директорнинг таъкидлашича, 2009 йилда туман ҳокимининг қарори билан мактаб ҳудудининг ўша қисми тадбиркорга берилган ва у ер маиший хизмат кўрсатиш шохобчасига айланган. Таажжуб, наҳотки мактаб ҳудудидан тадбиркорга ер ажратиш ва ҳеч қандай чегара тўсиқлари қўймай у ердан фойдаланиш мумкин бўлса!? Ахир шу жойда спорт зали қуриш ҳам мумкин эди-ку. Чунки 1994 йилда қурилган муассасанинг ҳанузгача спорт зали йўқ экан. Эҳтимол, янги туман раҳбари ва қолган мутасадди ташкилот масъуллари шу масалани ўйлаб кўришар.
Мактаб эски бўлишига қарамай янги ўқув йилига тайёрлашга ҳаракат қилинган. Синфхона поллари ва деворларига ранг берилган. Аммо бинонинг айрим жойларидаги ёриткич чироқлари ишламайди. Мактаб ҳовлисида ҳам ободонлаштириш ишлари олиб борилмаган. Муассасада 16 та замонавий компьютер бўлса-да, улар интернет тизимига уланмаган, фойдаланилмасдан чанг босиб ётибди.
Ҳоким мактаб еридан уй қуришда нимани ўйлади?
– Мактабимиз биноси 480 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, янги ўқув йилидан 675 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди Самарқанд туманидаги Конигил маҳалласида жойлашган 53-умумий ўрта таълим мактаби директори Шароф Ортиқов. – Синфхоналар табиий газ билан иситилади ва бу борада бизда муаммо йўқ. Иситиш тармоғи эскиргани боис алмаштиряпмиз. Бошланғич синфларга дарсларни намунали ва тушунарлироқ ташкил қилиш мақсадида 8 та хонага ҳомийлар ёрдамида телевизор ўрнатдик. Бинони ҳам имкон даражасида тайёрлашга ҳаракат қилдик.
Ҳақиқатан мактаб жуда эски, таъмирга муҳтож бўлсада ўқув йилига тайёрланган. Бироқ спорт зали ва ювиниш хоналари мутлоқо абгор. Спорт инвентарлари ҳам кичик бир хонада пала-партиш, чанг бўлиб ётибди. Мактаб ҳудуди эса қақраб, фойдаланиш мумкин бўлган ерлар бўш турипти. Муассаса раҳбари бу ҳолатни сув муаммолиги ва у ернинг тупроғи яроқсиз экани боис бирор нарса етиштириш мушкуллиги билан изоҳлади.
Дарвоқе, мактаблар ҳудудидан одамларга жой ажратиб бериш мазкур туманда урфга айланган шекилли, бу мактабдан ҳам бир фуқаро учун ер ажратиб берилган ва деворлари кўтарилган.
Наҳотки, юртимизда таълим сифатини оширишга алоҳида эътибор қаратилаётган бир пайтда мактаб ҳудудидан бошқа мақсадларда фойдаланиш тўғри бўлса!?
Тойлоқда мактаблар сони иккитага кўпайди
– Туманда 58 та умумий ўрта таълим мактаби ва 1 та “Баркамол авлод” болалар маркази бор эди, – дейди Тойлоқ туман халқ таълими бўлими мудири Зумрад Салохова. – Хўжақишлоқ маҳалласида жойлашган иқтисодиёт ва сервис ҳамда Ғўлба маҳалласидаги тадбиркорлик ва сервис касб-ҳунар коллежлари биносида янги мактаб ташкил этиш бўйича туман ҳокимининг қарори қабул қилинди. Энди 60 ва 61-умумий ўрта таълим мактаблари ҳам фаолият юритади. Жорий ўқув йили учун айрим қурилиш ишлари кетаётган мактабларни айтмаганда, барча мактаблар мавсумга тайёр. 2019-2020 ўқув йилидан 35 минг 331 нафар ўқувчини қабул қилиш режалаштирилган.
Тумандаги 3-мактаб инвестиция дастурига кўра ҳамда 18, 30 ва 45-умумий ўрта таълим мактаблари эса “Обод қишлоқ” дастурига киритилиб, мукаммал таъмирланмоқда. Жорий йил куз-қиш мавсуми учун туман мактабларига 704 тонна брикет ва 1070 тонна кўмир ажратилган.
Чекка қишлоқ мактабларига спорт зали керак эмасми?
50-умумий ўрта таълим мактабидамиз. 2004 йилда 300 ўринга мўлжаллаб ҳашар йўли билан қурилган бир қаватли мактаб биноси 2017 йилда капитал таъмирланган. Жорий таъмир эса туман халқ таълими бўлими ёрдами ва ҳомийда томонидан амалга оширилган.
– Мактабимиз янги ўқув йилига тайёр, аммо бизда жиддий муаммо бор, – деди муассаса раҳбари Маърасул Ҳайдаров. – Ўқув хоналари етишмаслиги сабабли кутубхонада кутубхона раҳбаридан ташқари маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарим, ёшлар иттифоқининг мактаб етакчиси, психолог ва тиббиёт ҳамшираси ҳам ўтиради. “Районо”га бу ҳақда бир-икки мурожаат қилдим, бироқ натижа бўлмади.
Синфхоналар янги ўқув йилига ҳозирланган, девор ва полларга ранг берилган. Аммо деразаларга қуёш нурини қайтарувчи пардалар ўрнатилмаган, компьютер хонасида ҳам шу ҳолат. Мактабда 21 та компьютер бор, бироқ интернетга уланмаган.
Ачинарлиси, муассасада спорт зали йўқ. Мактаб ҳовлисида эса кичкинагина ўйингоҳ ташкил қилинган, холос. У ерда ўқувчи-ёшларнинг спорт машғулотларини ўтказиш учун имконият яратилмаган. Ёмғир ва қорли кунларда эса жисмоний тарбия машғулотлари қаерда ва қандай ўтказиши бизга қоронғу!
Мактаб фақат қурувчига керакми?
“Обод қишлоқ”қа кирган 45-мактаб янги ўқув йилигача обод бўладимикан деган хаёл билан мактаб ҳудудига кирдик. Бу саволимизга “Давронбек газ-сув қурилиш сервис” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Адҳам Ортиқовдан жавоб олдик, холос. Негаки, муассасада на мактаб раҳбари ва на ишчи-ходимларни учратдик.
– Мазкур мактаб биноси “Обод қишлоқ” дастури асосида капитал таъмирланяпти, – дейди А.Ортиқов. – Қурилиш ишларига 1 миллиард 800 миллион сўм ажратилди. Ишларимиз қарийб якунланиб қолди ва ўқув йили бошлангунича бинони топширамиз.
Туман халқ таълими бўлими ходимининг бир неча бор телефон қилишларидан сўнггина муассасага директорнинг ўқув ишлари бўйича ўринбосари етиб келди. Унинг айтишича, мактабда жорий ўқув йилидан бошлаб 1024 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олади. Бино эса тўлиқ кўмир ёрдамида иситилади. Аммо кўмир ҳали келтирилмаган.
Янги ўқув йили бошланишига саноқли кунлар қолди. Ишонамизки, мақолада кўрсатилган камчилик, муаммо ва таклифлар ўрганиб чиқилади, ва албатта, бартараф қилинади.
Абдужаббор ПЎЛАТОВ,
Баҳриддин ХОНКЕЛДИЕВ,
Zarnews.uz мухбирлари.