Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соч ўстириш учун мўлжалланган 144 миллион сўмлик сифати кафолатланмаган дорилар тўхтатиб қолинди

Давлат божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш ва божхона аудити бош бошқармаси ходимлари томонидан Тошкент шаҳри Яшнобод туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида дори воситаларининг ноқонуний айланмасига доир навбатдаги ҳолат фош қилинди.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро И.Д. бошқарувидаги “Лада Веста” русумли автотранспорт воситаси тўхтатилиб, холислар иштирокида ва белгиланган тартибда кўздан кечирилди.

Натижада, автомашинага хорижда ишлаб чиқарилган, аммо сифатини ва божхона расмийлаштирувини тасдиқловчи биронта ҳам ҳужжати бўлмаган 1200 дона “Minoxodil” номли дори воситалари ортилгани маълум бўлди.

Шу тариқа, соч ўстириш учун мўлжалланган мазкур дори воситалари 144 миллион сўмга пулланаётган вақтида тўхтатиб қолинди.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.