Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Соғлом турмуш тарзини тиш ювиш қоидаларидан бошлаш керак

Соғлом турмуш тушунчаси фақат овқатланиш, спорт ва парҳездан иборат эмас. Соғломлик бу кўп нарсаларга боғлиқ: генетика, кун тартиби, овқатланиш тартиби, атроф-муҳит ва гигиенага ҳам риоя қилишдир.

Аввало, соғлом турмуш тарзини тиш ювиш қоидаларидан бошлаш керак. Агар оғиз бўшлиғи гигиенасига риоя қилинмаса ёки нотўғри тиш ювилса кариес ва нокариоз касалликлар келиб чиқиши мумкин. Кариес ва унинг асоратларидан овқат ҳазм қилиш системасига зарар етади. Кариес келиб чиқиши тишни яхши тозалаб ювмасликдан организмда моддалар алмашинуви бузилишдан, витаминлар комплекси етишмаслиги ва иммунитет пасайишида келиб чиқиши мумкин. Кариеснинг асосий сабабчиси кислоталар ишлаб чиқарадиган бактериялардир.

Тишларни кариесдан ҳимоя қилиш учун тишни ёшликдан асраш ва тиш ювиш қоидаларига қатъий риоя қилиш керак.  Ҳозирги замонимизда кўп миқдорда полисахаридлар истеъмол қилинади. Истеъмол қилинаётган маҳсулотларимиз термал ишлов беришдан ўтган, консерватив агентлар қўшилган ҳисобланади. Албатта, буларнинг ҳаммаси оғиз бўшлиғининг гигиенасига таъсир қилади.

Ҳар бир одамнинг шахсий оғиз бўшлиғи гигиенасида асосий муаммо юмшоқ тиш карашларидир. Хўш бундай карашлар билан биз қандай курашамиз?  Бунда бизнинг асосий қуролларимиз – тиш пастаси, тиш чўткаси, флосс (ип) ва бошқалар. Лекин ҳамма ҳам бу “қуроллар”дан тўғри фойдалана олмайди. Келинг, сизга тиш ювиш қоидалари тўғрисида озроқ  маълумот бериб ўтамиз.

Тўғри ҳаракат

Тишларни тозалашда юқори жағда милкдан пастга қараб, пастки жағда эса пастдан юқорига қараб ҳаракатланиш керак. Ён тишларда милкдан чайнов юзасига қараб, чайнов юзаларида эса айланма ҳаракат қиламиз. Бундай ҳаракатлар 3-5 дақиқа мобайнида давом этилади.

Тиш чўткасини танлаш

Бунда асосан ўрта қаттиқликдаги тиш чўткаларини танлаган маъқул. Энг муҳими, бу иш қуролимиз юмшоқ тиш карашларини яхши тозалаши керак.

Тиш чўткаси 2-3 ойда бир марта, алмаштирилиши лозим.

Тишларимизни қачон тозалаш керак?

Тишлар кун давомида энг камида 2 марта тозалаш керак, 3 марта бўлса ундан ҳам аъло. Эрталаб нонуштадан сўнг, кечқурун эса ухлашдан олдин. Тушликда овқатлангандан сўнг тишлар ювилиши керак.

Чайнов резиналари

Овқатдан сўнг 10-15 дақиқа чайнаш маъқул. Аммо кун давомида тўхтовсиз чайнаш мумкин эмас!

Шу қоидаларга риоя қилсангиз оғиз бўшлиғингизни тозаликда сақлаган бўласиз. Тишларингиз ва милкларингиз доим соғлом бўлади. Тиш тозалашда тиш чўткаси ва пастани тўғри танлаш катта аҳамиятга эга. Тиш чўткаси ўртача қаттиқ, тозалайдиган тарафи унчалик кенг бўлмаслиги керак. Болалар учун 18-25 мм, катталар учун 30-35 мм гача кенгликдаги тиш чўткалар тавсия этилади. Тиш чўткаси чангни ўзига тез олади. Шунинг учун уни тозаликда сақлаш тишларни тозалагандан кейин илиқ сувда ювиб, тозалаб, совун суртиб қўйилади.  Кейинги тиш тозалашдан олдин чўткадаги совун ювиб ташланиб ишлатилади. Тиш чўткасидан фойдалангандан кейин тикка ҳолда стаканга қўйилади. Тиш чўткасини ҳар 2,5-3 ойда алмаштириб туриш зарур. Чунки эски тиш чўткасининг самарали тозалаш имконияти пасайиши аниқланган.

Ҳозирги кунда савдо расталарида турли-туман тиш пасталари мавжуд. Уларни орасида нафақат тишларни самарали тозаловчи, балки яллиғланишнинг олдини оладиган тиш пасталар – “Lacalut”, “Parоdontax” , “Лесной бальзам” , “Ромашка”, кариесга қарши тиш пасталари – “Colgate”, “Blend-a-mend”, “Фтородент” лар ҳам мавжуд. Тиш пасталарининг таркибида табиий фаол моддалар: хлорофилл бирикмалари,  дори бор гиёҳли аралашмалар, минерал тузлар, антисептиклар витаминлар комплекси бўлади. Шунинг учун тиш чўткалари ва пасталарини врач-стоматолог тавсиясига асосан қўллаш керак.

А.Раҳимбердиев, 

вилоят ихтисослаштирилган

болалар стоматология

бош врачи.

А.Санақулов,

врач-стоматолог.