Афғонистон вице-президентига суиқасд уюштирилди
Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳга суиқасд уюштирилди. Портлаш оқибатида у жабрланмади, икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда 9 сентябрь куни Солиҳ матбуот хизмати вакили Facebook саҳифасида хабар берди.
“Афғонистон душмани яна бир бор Амрулла Солиҳга зиён етказишга уринди. Аммо Амрулла Солиҳга зиён етмади”, дейилган хабарда.
Портлаш 9 сентябрь куни эрталаб, Қобулнинг Таимани майдонида содир бўлди. Портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлди ва яна етти киши жароҳатланди.
Гувоҳлардан бирининг РИА Новостига берган хабарига кўра, бомба вице-президент кортежи ҳаракатланаётган йўлда портлатилган, жабрланганлар орасида Солиҳнинг қўриқчилари ҳам бўлган.
Кейинчалик Tolo News телеканали Афғонистон вице-президенти Амрулла Солиҳ кортежига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлганлар сони 10 кишига етганини маълум қилди.
Солиҳнинг ўзи видеомурожаатда қўриқчилари жароҳатланганини, унинг ўзи эса қўл ва юз қисмидан бироз жароҳат олганини маълум қилди.
“Толибон” ҳаракати вакиллари, бўлиб ўтган ҳодисага алоқаси йўқлиги ҳақидаги мурожат билан чиқиш қилди.