Аттестациядан нега қўрқамиз: педагоглар “гаплашиб” имтиҳондан ўтаётгани ростми?

Ҳар йили педагоглар аттестацияси атрофида содир бўладиган гап-сўзлар нафақат ушбу соҳа вакилларини, балки бошқаларни ҳам ўйлантиряпти, имтиҳон жараёнининг шаффофлигига шубҳа уйғотяпти. Ҳақиқатан ҳам аттестацияда бировнинг ўрнига бошқаси кириб тест саволларини ечиб бера оладими? X-вариант тарқаб кетгани ростми? Бу йилги аттестация жараёнлари ўтган йиллардагидан нимаси билан фарқ қилади?

Шу каби саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд шаҳридаги Билимларни баҳолаш марказида бўлдик.

Марказнинг кириш қисмида кутиш зали бўлиб, аттестация имтиҳонига келган падагоглар навбати келгунига қадар шу ерда ўтириши, тест синовларига тайёрланиб туриши мумкин. Кимдир китоб, бошқаси дафтар ўқиб ўтирибди. Тест синовлари жараёнига киришдан олдин педагоглар дастлаб рўйхатдан ўтиши, телефон, сумка каби буюмларини ташқарида қолдириши керак. Кейинги босқичда хотин-қизларга алоҳида, эркак ўқитувчиларга алоҳида ички ишлар ходимларидан иборат гуруҳ текширувдан ўтказяпти. Текширувдан ўтган ўқитувчилар тест синовларига киритиляпти. 

Бировнинг ўрнига имтиҳонга кириш мумкинми?

- Шахсини тасдиқловчи ҳужжат билан имтиҳонга кирган педагог тестда қатнашиши учун аввал мониторда ЖШШИРини теради, сўнгра Face ID дастури чиқади, - де    йди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармасининг педагогларни билим ва кўникмасини баҳолаш шуъба бошлиғи Латиф Каримов. - Ушбу дастур орқали монитор педагогнинг юзини таниб олгач, экранда саволлар пайдо бўлади. Бу ерда инсон омили аралашмайди. Агар бирон киши бошқа педагогнинг ўрнига кириб, ЖШШИРини терса, мониторда “Бу шахс бунга тегишли эмас”, деган ёзув чиқади. Табиийки, бегона шахсга тест саволлари ҳам берилмайди. 

Иккинчидан, ҳар бир компьютерда камера жойлаштирилган. Агар педагог ён тарафига қараб гаплашса, ҳар хил ҳаракатлар қилса, монитордан узоқлашса, унга огоҳлантириш хати келади. Уч марта огоҳлантириш олган педагогнинг имтиҳони автоматик равишда тўхтатилади. Дастур шундай ишлаб чиқилганки, бу жараён инсон омилисиз амалга оширилади.  

Ўқитувчиларга олдиндан саволлар бериладими?

Ўқитувчиларга олдиндан саволлар берилмайди, балки мавзулар берилади. Қайси мавзуда саволлар тузилган бўлса, ўша мавзулар рўйхати вазирликнинг расмий телеграм саҳифасида эълон қилинади. Масалан, математика ўқитувчилари учун квадрат тенглама деган мавзу тушиши мумкин. Айнан мана шунга ўхшаш саволлар тушади, деган саволлар варианти йўқ.

Тест саволларининг 40 таси фанга оид ва 10 таси педагогик маҳоратдан тузилган бўлиб, ҳар бир тўғри жавобга 2 баллдан берилади. Тестни ечиш учун аниқ фанларга 2 соат, табиий фанларга 1,5 соат вақт белгиланган.

Демак, иккинчи малака тоифаси учун педагог 60 баллдан 69 баллгача, биринчи малака тоифаси учун 70 баллдан 79 баллгача, олий тоифа учун 80 балл ва ундан юқори балл тўплаши лозим. 

Халқаро тан олинган сертификати бор ўқитувчига аттестация жараёнида фанга оид 40 та савол учун 80 балл берилади. У қолган педагогик маҳорат бўйича бериладиган саволларни ишлаб чиқади.  

Бу йилги аттестацияда қандай янгиликлар бор?

- Бу йилги педагоглар аттестациясида яхши янгилик бор, - дейди Латиф Каримов. - Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида навбатдан ташқари ва навбатдаги аттестация жараёнида қатнашиб, 86 ва ундан юқори балл олган ўқитувчиларга 70 фоиз устама берилади. Шунинг учун ҳар йилгига нисбатан бу йил педагогларимиз кўпроқ навбатдан ташқари ҳужжат асосида аттестацияга қатнашяпти. Навбатдан ташқари ҳужжат топширганлар 337 500 сўм тўловни амалга оширади. Агар педагог тестдан юқори балл тўпласа, биринчидан, тоифаси ошади ва тоифаси ошгани учун маоши ҳам кўтарилади. Иккинчидан, яна унга қўшимча 70 фоизли устама тўланади. Бу ҳақда ҳар бир туманда семинарлар ташкил қилиб, педагогларга ушбу янгиликни тушунтирганман. Жорий йилда вилоятда 24075 нафар педагог аттестация жараёнига қатнашиш учун ҳужжат топширган. Уларнинг 5 фоизи навбатдаги аттестациядан ўтказилса, қолгани навбатдан ташқари, яъни ўзлари хоҳлаб аттестацияда иштирок этяпти. 

Педагог йил давомида макала тоифаси олиши мумкин

Энди нафақат педагоглар аттестация жараёнида малака тоифасини қўлга киритади, балки уларнинг ютуқларига ҳам тоифа берилади. Масалан, агар педагог магистратурани тугатса, унга иккинчи малака тоифаси, илмий иш (PhD) қилса, олий тоифа берилади. Ўқувчилари спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ўқитувчиларга ҳам малака тоифаси берилади. Спорт мусобақаларида ўқувчи туман босқичида фахрли ўринни олса, ўқитувчига 2-тоифа, ўқувчи вилоят босқичида фахрли ўринни олса, ўқитувчига 1-тоифа, республика босқичида ўқувчи ғолиб бўлса, ўша фан ўқитувчисига олий тоифа берилади.

Бундан ташқари, иш стажи 25 йил ёки ундан юқори бўлган, ёшга доир пенсияга чиқиши учун 5 йилдан кўп бўлмаган педагогларга тўғридан-тўғри амалдаги малака тоифаси берилади, яъни улар аттестация жараёнига жалб қилинмайди. Масалан, олий тоифали, 25 йил стажга эга ўқитувчи пенсия ёшига 5 йилдан кам қолган бўлса, у pedagog.uz сайти орқали ҳужжат топширади. Платформада унинг иш стажи ва бошқа маълумотлари жамлангач, унга олий тоифа берилади.

Ижтимоий тармоқлардаги видео уюштирилган

- Аттестация жараёнини ҳамма онлайн кўриши мумкин, - дейди педагогларни билим ва кўникмасини баҳолаш шуъба бошлиғи. - Сиз истасангиз компьютерда ёки телефонда имтиҳонни кузатишингиз, шунингдек, онлайн трансляцияни экранда тўхтатиб қўйишингиз мумкин. Имтиҳондан йиқилиб чиққан айрим ўқитувчилар онлайн трансляцияни аввал тўхтатиб қўйишган, сўнгра имтиҳондан чиққан йигитни монитор олдида видеога олишган. Эътибор берсангиз видео тўхтаб турибди. Бу жараён шунчаки аламзада педагоглар томонидан уюштирилган.

Аттестацияни пул билан “гаплашиш” мумкинми?

- Бир ўқитувчимиз ўзига ишонмагани учун аттестацияни пул билан олмоқчи бўлди, - дейди ўқитувчилардан бири. – Роса “гаплашиш”нинг имконини қидирди, тополмади. Ҳамма ўзи ўқиши керак экан. Ўзим 1-тоифали ўқитувчиман, аттестацияга олий тоифа олиш учун келгандим. Афсуски, бор-йўғи 58 балл тўпладим. Саволлари мактаб дарслигидан тузилмаган, кўпроқ мантиқий саволлар экан. Шунинг учун роса қийналдим. Тест синови жараёнида қатнашиб, биров бошқасига ёрдам бериб бўлмаслигига гувоҳ бўлдим.

- Мактабда ўз фаолиятимни бошлаганимга икки йил бўлди, - дейди Ургут туманидаги 60-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси Элдор Абдухалилов. - Билимимни синаш мақсадида навбатдан ташқари аттестацияда иштирок этиш учун ҳужжат топширган эдим. Бугун аттестация жараёнида қатнашиб, мутахассисликдан иккинчи малака тоифасини олдим. Тест саволларининг 60 фоизи мантиқий фикрлашга ундайдиган, 40 фоизи эса кимёвий тенгламалардан тузилган масалалар экан. Имтиҳонга дарслик китоблардан ва мавзулар бўйича мустақил тайёрландим.

- Ўзим олий тоифали ўқитувман, ўтган йили ҳам навбатдан ташқари аттестацияга қатнашиб, билимимни синаб кўргандим, - дейди Тойлоқ туманидаги 57-умумий ўрта таълим мактабининг математика фани ўқитувчиси Акмал Мансуров. – Бу йил ҳам навбатдан ташқари аттестацияга келиб, 90 балл тўпладим. Тест саволларга қийналганим йўқ, сабаби, доим ўз устимда ишлайман. Дарсдан кейин ўқувчиларга репетиторлик ҳам қиламан. Фақат педагогик маҳоратдан бироз тайёрландим. Яқинда учинчи марта вазир жамғармаси имтиҳонининг биринчи босқичидан ўтдим. Шунингдек, миллий сертификатга ҳам эгаман. Агар вазир жамғармасининг суҳбатидан ўтсам, олий тоифа, миллий сертификат ҳаммасини қўшганда тахминан 20 миллион сўм атрофида маош олсам керак. Ўз устида мунтазам ишлайдиган ўқитувчига бугун барча имкониятлар бор, шунингдек, юқори иш ҳақи ҳам.

Аттестация жараёнидаги гап-сўзларга келсак, тест синовлари шаффоф тарзда ўтяпти. Имтиҳонни “гаплашиб” ҳам, бировнинг ўрнига кириб ҳам олиб бўлмайди. Ҳатто имтиҳонда компьютер устидаги видео сизни вати-вақти билан расмга олиб туради. Жараённи ўз кўзим билан кўрганим учун миш-мишларга ишонмайман. Педагогларга ҳам фақат ўз билимларига ишонишни маслаҳат бераман.

***

Мана шунақа гаплар. Билимли педагоглар аттестация жараёнидан нолиётгани йўқ. Билимли ўқитувчини тест синовларидан ҳеч ким йиқита олмайди. Шунингдек, билими паст педагогларга ҳам биров ёрдам беролмайди.  

Хуршида Эрназарова.