Беларусь милицияси намойишчилар тажовузкорлиги ошганини таъкидлади

11 октябрь куни Беларусда бўлиб ўтган норозилик намойишларида 700 дан ортиқ одам ҳибсга олинди. Бу ҳақда Беларусь ИИВ матбуот хизмати маълум қилди.

“11 октябрь куни мамлакат бўйлаб 25 та норозилик намойиши тадбирлари бўлиб ўтди. Ҳудудлар марказларида ўтказилган рухсатсиз намойишларда 30 нафардан 150 нафаргача одам тўпланди. Мамлакат бўйлаб умумий ҳисобда 11 минг намойишчи йиғилди. 713 фуқаро оммавий тадбирлар тўғрисидаги қонунни бузгани учун ҳибсга олинди. 570 киши, иши маъмурий судда кўриб чиқилгунга қадар ҳибсхона изоляторларига жойлаштирилди”, - дейилган Беларусь ИИВ матбуот хизматининг Telegam каналида.

Шу билан бирга, матбуот хизматининг маълум қилишича, ўтган ҳафталардаги намойишларга қараганда бу сафар намойишчилар сони камайган, аммо “турли хил радикаллашган гуруҳлар вакиллари бўлган оломоннинг тажовузкорлиги ошган”.