Бош консуллик учун нега Самарқанд танланган?

2021 йил 7 март куни Самарқанд шаҳрида Туркия Республикасининг бош консулхонаси очилган эди. Ўзбекистон ва Туркия фуқароларига консуллик хизматлари кўрсатиш, икки давлат ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш мақсадида ташкил этилган консулхона ўз олдига қўйилган вазифаларни қай даражада бажармоқда? Бу ҳақда бош консул Салиҳ Жанер билан суҳбатлашдик.

– Салиҳ Жанер жаноблари, Самарқандда иш бошлаганингизга ҳам бир йилдан ошди. Ўтган бир йилнинг ҳаётингиздаги ўрни қандай бўлди?

– Аввало, мен Самарқандга ҳаётимдаги унутилмас кунларда келганимни алоҳида қайд этишим керак. Яъни, 2021 йил 10 февралда докторлик ишимни ҳимоя қилдим. 11 февралда туғилган кунимни нишонлаб, 12 февралда келганман ва бу унутилмас сана бўлиб қолган. Кейин қарийб бир ой бош консулхона очилиши ташвишлари билан бўлдик, турли идораларда, Самарқанд вилояти ҳокимлигида учрашувлар ўтказдик, очилиш маросимига тайёргарлик кўрдик.

Иккинчи муҳим жиҳат – биз Самарқандни улуғ алломалар яшаган замин, дунёнинг буюк шаҳарларидан бири деб билганмиз ва меҳр қўйганмиз. Бу ерга келганимдан сўнг китобларда ўқиганларимга, эшитганларимга кўриб гувоҳ бўлдим. Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Шоҳи Зинда қадамжоларини зиёрат қилдим. Регистонни, Амир Темур мақбараси ва бошқа тарихий обидаларни бориб кўрдим. Самарқандликлар жуда меҳмондўст, самимий инсонлар. Сайёҳларни танимасалар-да меҳмон қилишади, иззат-икром кўрсатишади. Бу қадимий кентнинг табиати ҳам, ширин-шакар мевалари-ю зилол сувлари ҳам бетакрор.

– Яхши биламиз, ўзбек ва турк халқлари ўртасидаги дўстлик алоқалари бир неча асрлик тарихга эга. Аммо икки қардош халқ муносабатларида турли давр ва йилларда танаффуслар бўлди. Кейинги беш йилда давлат раҳбарларининг яқин дўстлик ва қатъий сиёсатлари туфайли ҳамкорлик муносабатлари қайта тикланди ва жадал ривожланмоқда. Самарқандда бош консулхона очилиши ҳам ана шу алоқалар маҳсули дейиш мумкин. Сир бўлмаса, айтинг-чи, нега айнан Самарқанд танланди?

– Самарқанд – пойтахт Тошкентдан кейин Ўзбекистондаги энг йирик шаҳар. Бу – биринчи сабаб. Иккинчидан, юқорида айтганимдек, Самарқанд тарихий, дунёга машҳур шаҳар, кўплаб буюк алломалар, олиму фузалоларга бешик бўлган, уларни камолга етказган. Умуман, биз Самарқанд, Бухоро, Хива сингари шаҳарларни жуда қадимий ва бой маданиятга эга масканлар деб биламиз ва қадрлаймиз. Бир йиллик фаолиятим давомида Бош консуллик учун Самарқанднинг танлангани жуда тўғри қарор бўлганлигига яна бир бор амин бўлдим.

– Бош консулликнинг асосий вазифалари нималардан иборат?

– Асосий вазифамиз – ўзбек ва турк фуқароларига консуллик хизматлари кўрсатиш. Ўзбекистонда яшаб турган Туркия фуқароларининг паспортларини, ИД-карталарини янгилаш, ҳарбий хизматни кечиктириш, нотариал ҳаракатларни, турли идоралар билан ёзишмаларини амалга ошириш ва бошқа шу каби юмушларни бажарамиз. Ўзбекистон фуқароларининг виза масалалари, Туркиядаги идораларга хатлар ва сўровлар юбориш, нотариал ҳаракатлар билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқамиз. Хусусан, Туркияда меҳнат фаолиятини олиб бориш, тиббий хизматдан фойдаланиш, таълим олиш учун виза сўраб мурожаат қилувчилар кўп бўлади. Бизга асосан, Жиззах вилоятидан Қорақалпоғистон респубикасигача бўлган ҳудудларида яшовчилар мурожаат қилишади.

Бундан ташқари, давлатларимиз ўртасидаги иқтисодий-маданий алоқаларни ривожлантиришга эътибор қаратяпмиз. Шу мақсадда Самарқанддаги олий ўқув юртлари ректорлари билан, вилоят, туман ва шаҳарлар ҳокимликлари, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси раҳбарлари, тадбиркорлар билан мунтазам учрашиб турамиз, ўзаро фикр алмашамиз. Умуман, бир йил давомида Самарқанднинг иқтисодий имкониятларини ўргандик, туманларга бордик. Ўз навбатида Туркиядаги тадбиркорлар, тегишли компания ва идоралар билан ўзбекистонлик ишибилармонлар мулоқотларини йўлга қўйишга ҳисса қўшдик.

– Туркиялик ишбилармонлар ҳозирда Ўзбекистонда қайси соҳаларга инвестиция киритиш, тадбиркорлик қилишга қизиқиш билдирмоқда?

– Самарқанд мисолида айтадиган бўлсам, тўқимачилик, қурилиш, қишлоқ хўжалиги соҳаларида туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорлик анча яхши йўлга қўйилган. Гилам ишлаб чиқаришга эътибор жуда катта. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳаси ҳам истиқболли йўналиш ҳисобланади. Яқинда туркиялик тадбиркорлар билан ҳамкорликда Самарқандда хусусий тиббий марказ ташкил этилгани ҳам бунга ёрқин мисол бўла олади.

– Туризм соҳасида-чи? Айниқса, зиёрат туризми Ўзбекистон учун жуда истиқболли ҳисобланади.

 – Тўғри, Ўзбекистоннинг, хусусан, Самарқанднинг туристик салоҳияти жуда юқори. Бундан самарали фойдаланиш мақсадида айни пайтда олиб борилаётган ишлар эътиборга лойиқ, албатта. Янги меҳмонхоналар, сайёҳлик объектлари қурилмоқда. Давлат томонидан соҳа вакилларига кўплаб имтиёз ва енгилликлар берилган. Самарқанд халқаро туристик маркази қурилаётгани вилоятнинг туристик имкониятларини оширади. Ипак йўли туризм ва маданий мерос халқаро университети ташкил этилгани ҳам соҳага бўлган юксак эътибордан далолат беради. Зиёрат туризми бўйича муқаддас қадамжоларнинг обод қилинаётгани қувонарли.

Ўзим ҳам тез-тез Регистонга бораман, сайёҳларни кузатаман, уларга кўрсатилаётган хизмат билан қизиқаман. Ва туризм йўналишида ҳамкорлик қилаётган фирмаларга ўз тавсияларим, таклифларимни айтиб турман. Ҳозирги шароитда Ўзбекистонга сайёҳларни кўпроқ жалб қилиш учун хизмат кўрсатиш соҳасини яна ривожлантириш керак.

– Кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия Президентларининг мунтазамлик касб этган ташрифлари давлатларимиз ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоғаннинг Ўзбекистонга бу галги расмий ташрифидан нималар кутилмоқда?

– Туркия Ўзбекистон мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган ва Тошкентда ўз элчихонасини очган давлат. Демоқчиманки, юқорида айтганингиздек, узоқ йиллик танаффусдан сўнг йўлга қўйилган дипломатик муносабатларимиз ўттиз йиллик тарихга эга. Лекин икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, қатъияти ҳамда улар ўртасида ўрнатилган ўзаро ишонч ва дўстлик ришталари туфайли 2017 йилдан бошлаб Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги муносабатлар тарихида мутлақо янги саҳифа очилди. Дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари ривожланмоқда. Бунда Президентларнинг ташрифлари, халқаро тадбирлар чоғидаги учрашувларда эришилган келишувлар мустаҳкам пойдевор, ҳуқуқий асос бўлмоқда.

Рақамларга эътибор беринг. Ўтган йил давлатларимиз ўртасида 3,6 миллиард долларлик савдо айланмаси қайд этилди. Бу йил эса ушбу кўрсаткични 5,8 миллиард доллардан ошириш кўзда тутилган.

Туркия Президентининг Ўзбекистонга бу галги ташрифи давлатларимиз ўртасида кўп томонлама ҳамкорликни янги поғонада давом эттиришга хизмат қилиши шубҳасиз.

– Вақт ажратиб саволларимизга жавоб берганингиз учун раҳмат!

Ғолиб ҲАСАНОВ суҳбатлашди.