Бугуннинг гапи: "Доимий субсидиялаш орқали энергетика бозорини ривожлантириб бўлмайди"
Шу кунларда кўпчилик жорий йилнинг 1 майидан эътиборан электр энергия ва табиий газнинг истеъмол нархлари оширилиши сабаблари қизиқтирмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг «Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига кўра, жорий йилнинг 1 майидан бошлаб аҳоли учун белгиланган электр энергияси тарифлари белгиланди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш мақсадида ижтимоий меъёр тизими жорий этилди.
Хўш, нима учун нархлар ошди?
Шу пайтгача электр энергияси ва табиий газ аҳолига ўз таннархидан паст қийматда етказиб берилган. Бир йилда ўртача 1,15 миллиард доллар, яъни 14,5 триллион сўм маблағ аҳоли хонадонларининг энергетик эҳтиёжини субсидиялаш учун сарфланиб келинди. Бу эса вилоятимизда ўртача 50 миллиард сўмни ташкил этган. Демак, бир ойда ўртача 200 кВт/соат электр энергияси истеъмол қилинганда ҳам давлат амалда ҳар битта истеъмолчи учун 135 минг сўмдан субсидия бермоқда. Мамлакатдаги истеъмолчилар сони эса 7,4 миллионни, вилоятимизда эса 882 минг нафарни ташкил этади.
Тан олиш керак, аҳоли учун белгиланган 295 сўмлик тариф бошқа давлатлар билан солиштирганда 230 та давлат ичида энг паст тарифли 15 та давлат қаторида туради. Яъни, бизникига нисбатан ҳам пастроқ тарифга эга Бутан, Ироқ, Сурия, Судан, Ливия, Эфиопия каби давлатлар бор. Солиштириш учун қўшни Қозоғистонда ойига ўртача 300 кВт.соат электр энергиясини ишлатувчи хонадон ҳар бир кВт.соат учун ўртача 790 сўм тўлайди. Кўриниб турибдики, амалдаги тарифлар ҳақиқий таннархни қопламайди ва соҳа субсидиялар эвазига фаолият юритмоқда. Субсидия эса давлат бюджетидан энергетика соҳасида янги ишлаб чиқариш ва узатиш қувватларини яратиш учун берилади. Субсидиялар берилиши тўхтатилса, тармоқлар янгиланмайди, электр энергиясини ишлаб чиқариш кўпаймайди, узилишлар сони ва муддати кундан-кунга ортиб бораверади. Субсидиялар эса асосан аҳоли томонидан истеъмол қилинган электр энергиясининг амалдаги тарифлари ва ҳақиқий таннарх ўртасидаги тафовутни қоплаш учун берилади.
Нархларни ўзгартиришни тақозо қилаётган асосий сабаб электр энергияси ишлаб чиқариш, табиий газ қазиб чиқариш корхоналари ва етказиб бериш тармоқларининг эскиргани билан боғлиқ. Уларни янгилаш керак. Шу билан бирга, иссиқлик электр станцияларида фойдали иш коэффициенти 25-35 фоиз. Яъни, бу жуда паст кўрсаткич ва маҳсулот таннархининг ошишига олиб келадиган омиллардан бири. Ишлаб чиқариш ва етказиб беришдаги йўқотилишларнинг кўплигидан ҳам таннарх ошади.
Электр энергиясининг амалдаги тарифлари соҳадаги харажатларнинг бор-йўғи 66 фоизини қопламоқда. Масалан, ишлаб чиқаришдан етказиб беришгача 100 сўм харажат қилинса, истеъмолчидан 66 сўмгина қайтариб олинмоқда. Ўртадаги фарқ шартли субсидия сифатида давлат томонидан қоплаб бериляпти. Табиий газдаги кўрсаткич эса бундан ҳам ёмонроқ – 46 фоизни ташкил қилади. Бунда 100 сўм харажат қилинса, 46 сўми қайтмоқда, қолганини давлат тўламоқда. Демак, табиий газдан кўрилаётган зарар кўпроқ бўлмоқда. Шунинг учун ижтимоий меъёрдан ортиқ истеъмол қилинган электр энергияси нархи 2 баробар, табиий газники 3 баробар баланд бўлади.
Истеъмол меъёри - бу чегара дегани эмас. Яъни, фақат ишлатилган электр энергияси ва табиий газ учун давлат томонидан ажратилган субсидияга чегара ўрнатилади. Айнан нима учун электр энергиясига ижтимоий меъёр 200 кВт соат қилиб белгиланди? Чунки республикамиздаги истеъмолчиларнинг 80 фоизи бир ойда 200 кВт соатгача ток ишлатади. Қолган 20 фоизи жами электрнинг 70 фоизини истеъмол қилади. Бу ерда тенгсизлик мавжуд. Кам сонли аҳоли кўп миқдордаги электрни истеъмол қиляпти. Бу давлат томонидан берилаётган субсидияларнинг нотўғри етиб бораётганини кўрсатиб турибди ва субсидиядан унга муҳтож бўлмаган одамлар ҳам фойдаланмоқда.
Вилоятда электр энергияси етказиб беришдаги узилишлар муаммоси 2027-2030 йилларгача тўлиқ ҳал этилади. Тизимда эскириб кетганлик даражаси қарийб 40 фоизни ташкил қилади. Ўтган йили маънан эскирган 20 минг километрлик электр ҳаво тармоқлари янгиланди. 400 дан зиёд эски трансформаторлар алмашди. Ўтган йили ажратилган 50 миллиард сўм маблағга соҳанинг 20 фоизида модернизация ишлари амалга оширилди. Шу маблағларга 12 та подстанция таъмирланиб, янгилари қурилган. Лекин барибир соҳада қилиниши керак бўлган ишлар ниҳоятда кўп. Тизимдаги корхоналарга сарфлаб келинган маблағлар соҳани модернизация қилишга йўналтирилса, анча ишни амалга ошириш мумкин. Қолаверса, субсидиялашга берилган маблағлар ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларини қуриш, мактаб, боғча ҳамда тиббиёт муассасаларининг таъминотини яхшилаш мумкин бўлади.
Демак, тариф нархларининг эркин бозор тамойиллари асосида ислоҳ қилиниши нафақат инфратузилмани модернизация қилиш, балки истеъмол маданиятининг шаклланишига йўл очади. Ҳар бир фуқаро ўзи ишлатаётган электр энергияси ҳисобини юритиб борса, исрофгарчиликнинг олди олиниб, тежамкорлик таъминланади.
Умид НАЗАРОВ,
«Ҳудудий электр тармоқлари» акциядорлик жамияти Самарқанд филиали директори.