Булунғурда айрим оилалар камбағалликдан қандай чиқарилмоқда?
Мева-сабзавотчиликка ихтисослашган Булунғур тумани ҳудуди қишлоқлар кесимида 7 та ҳудудга бўлиб олинди. Ҳар бир қишлоқ ҳудуди комплекс таҳлил қилиниб, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида қишлоқларнинг ихтисослашуви белгиланди.
Мисол учун, собиқ Навоий қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидаги 8 та маҳаллада 31 минг 500 нафар аҳолининг 14 минг 800 нафари меҳнатга лаёқатли. Уларнинг аксарияти узоқ йиллардан буён картошка етиштириш билан шуғулланади.
Қишлоқнинг ихтисослашувини янада ривожлантириш мақсадида экин майдонини кенгайтириш ва илмий ёндашув орқали маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, аҳолиси орасида инновацион мини, энг муҳими арзон технологияларни жорий этиш чоралари кўрилмоқда.
Нурли йўл маҳалласи таркибига кирувчи 5 та қишлоқдаги 425 та хонадоннинг 28 гектар томорқа ерига помидор экилди. Дастлабки таҳлиллар бўйича 1 та хонадон 15 сотих томорқадан 11-12 миллион сўм атрофида даромад олиши кутилмоқда. Шунингдек, октябрь ойида помидордан бўшаган 28 гектар майдонга саримсоқпиёз, кўкатлар ва бошқа экинлар экиш орқали ҳар бир хонадон бозорга 7 - 8 миллион сўмлик маҳсулот чиқаради.
Ушбу маҳаллага “Шавкатбек барокат сифат” масъулияти чекланган жамияти томонидан кооперация асосида бройлер жўжа етказиб берилди. Бунда жамиятга 130 миллион сўм имтиёзли кредит ажратилди. Натижада 230 та хонадонга 50 бошдан 11 минг 500 дона бройлер жўжа ва ем тарқатилди. Кўпи билан 40 кунда тайёр бўладиган гўштни корхонанинг ўзи сотиб олиши орқали 1 та хонадон 900 минг сўмдан 1 миллион 200 минг сўмгача даромад олиши имконияти яратилди.
Бундан ташқари, пандемия даврида аҳолини қўллаб-қувватлаш ва бандлигини таъминлаш мақсадида 64 та шахсий томорқага 147 миллион сўм маблағ ажратилди. Биргина Оқтош маҳалласидаги ишсиз, кам таъминланган фуқароларга 15 миллион 500 минг сўм субсидия ажратилиб, 3 нафар фуқарога 800 килограмм картошка уруғи, 5 та хонадонга иссиқхона қуриб берилган.
Шунингдек, 52 гектар майдонда 3 та дала кооперациялари ташкил этилди. Ушбу ер майдонлари 167 нафар ишсиз ва камбағал оилаларнинг ҳар бирига 20 сотихдан бўлиб берилди. Кооперация аъзоларига уруғ олишлари туман бандликка кўмаклашиш маркази томонидан 2 230 000 сўмдан, жами 372 миллион сўм субсидия, яъни қайтарилмайдиган қарз маблағлари ажратилиши режалаштирилган.
Мисол учун, биргина “Ёш ТАД томорқа” ишлаб чиқариш кооперациясининг 56 нафар аъзосига 123 миллион 200 минг сўм ажратилди. Дарвоқе, кооперация ўз аъзоларига экинларга агротехник ишлов беришдан тортиб, маҳсулот тайёр бўлгангача ёрдам беради. Аҳамиятлиси, кам таъминланган оила вакили ажратилган майдонда етиштирган ҳосилини сотишда ҳам овора бўлмайди. Кооперация уни бозор нархида харид қилади.
Булунғур тумани ҳокимлиги ахборот хизмати.