Чиқиндилар билан ишлаш: бу борада янги бошқарма нима иш қиляпти?

2023 йил 31 майдаги Президент фармонига кўра, «Тоза ҳудуд» давлат унитар корхоналари ва ободонлаштириш бошқармаларига тегишли қаттиқ маиший чиқинди полигонлари янгидан ташкил этилган «Чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаларига ўтказилган.

Бу борада давлат назорати олиб борилиб, ҳокимлик ва маҳаллалар билан ҳамкорликда маиший чиқиндиларни йиғиш, ташиш, утилизация қилиш, қайта ишлаш ва кўмиш борасида таъсирчан тизим яратилмоқда.

Таъкидлаш ўринлики, бу юмуш «Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» Давлат дастурида ҳам белгиланган. Қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиш хизматлари сифатини яхшилаш борасида қатор вазифалар қайд этилиб, чиқинди полигонларини 20 фоизга қисқартириш ҳам кўзда тутилган.

Бугунги кунда чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармасига қарашли 15 та маиший, Булунғур ва Қўшработ туманларида қурилиш, Нуробод туманининг Сазағон маҳалласи ҳудудида эса заҳарли ва токсик моддалар чиқиндилари полигони фаолият кўрсатиб келмоқда.

- Шу кунгача вилоятдаги чиқинди ташиш билан шуғулланувчи 50 дан ортиқ корхона ва ташкилот билан ўзаро шартнома имзолаганмиз, - дейди чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси вилоят ҳудудий бошқармаси бўлим бошлиғи Шерзод Эгаммуродов. – Улар томонидан полигонларга кунига 1,5 минг тоннадан зиёд  маиший ва қурилиш чиқиндилари келтирилмоқда. Айни вақтда Жомбой ва Иштихон туманларидаги чиқинди полигонларида рекультивация ишлари якунига етказилди. Майдонлар тўлиб қолганлиги сабабли улар ўз фаолиятини тўхтатди. Жомбой туманида йиғилган чиқиндилар эса ҳозирча Булунғурдаги полигонга ташиб борилмоқда. 

“Мароқанд обод” ДУК Самарқанд шаҳри ва туманидан,  “Тоза ҳудуд” ДУК, “Анваржон бизнес“ МЧЖ Каттақўрғон ва Нарпай туманларидан, “Мансурбек сервис” МЧЖ, Пахтачи тумани, “Гольд Маржонабегим" МЧЖ Нуробод туманидан, “Каттақўрғон обод сервис” МЧЖ Каттақўрғон шаҳрида тўпланган чиқиндиларни тегишли полигонларга ташиб келса, қолган туманларда фаолият кўрсатаётган “Тоза ҳудуд” ДУК филиаллари аҳолига чиқинди ташиш хизматини кўрсатмоқда.

Бироқ бирорта полигонда чиқиндиларни саралаш ишлари йўлга қўйилмаган. Фақатгина “Анваржон бизнес“ МЧЖ ва “Мансурбек сервис” МЧЖ томонидан темир, қоғоз, пластмасса, шиша каби маҳсулотларни саралаб қайта ишлаш ташкил этилган, холос. 

Чиқинди полигонимиз 2,4 гектар майдонда жойлашган бўлиб, айни вақтда тўлиб қолганлиги сабабли ўз фаолиятини тўхтатди, - дейди Иштихон тумани чиқинди полигони бошлиғи Зопир Муродов. – Кўп йиллардан буён чиқиндиларни саралаш ишлари олиб борилмасдан, ерга кўмиб юборилаверган. Туманнинг Бўстон маҳалласи ҳудудидаги ташландиқ майдонда янги полигон ташкил этиш ишларини олиб боряпмиз.

– Ўтган йили 300 миллион тоннага яқин қаттиқ маиший чиқиндилар чиқинди полигонларига жойлаштирилди, – дейди Шерзод Эгаммуродов. – Хусусан, 15 та қаттиқ маиший чиқинди полигони тартибга келтирилди. Бундан ташқари, 2 та қаттиқ маиший чиқинди полигони рекультивация қилиниб, фаолияти тўхтатилди. Дирекция балансидаги 30 та махсус техника ёрдамида чиқинди полигонлари доимий равишда тартибга келтирилмоқда.

Вилоятда чиқинди полигонларини тартибга келтириб, қаттиқ маиший чиқиндиларни қайта ишлаш борасида амалий ҳаракатлар давом этмоқда. Хусусан, Хитой Халқ Республикасининг «Shanghai SUS Environment» компанияси лойиҳасига кўра, 2025-2026 йилларда вилоятимизда маиший чиқиндиларни термик усулда утилизация қилиб, электр энергияси ва турли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга ихтисос­лашган завод қурилади. Умумий қиймати 155 миллион долларни ташкил қиладиган лойиҳанинг амалга оширилиши натижасида 6 гектар майдонда барпо этилган заводда йилига 500 минг тоннадан зиёд чиқинди ёқилиб, унинг атроф-муҳитга таъсири камайтирилади ва 240 миллион киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Чиқинди полигонлари 50 фоизга қисқаради, 15 минг хонадон электр энергияси билан таъминланади, шунингдек, 150 та қўшимча иш ўрни яратилади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, соҳада етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорлик алоқаларининг ўрнатилиши мамлакатимизда чиқиндиларни бошқариш соҳасида циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш ҳисобига экологик вазиятни барқарорлаштириш, санитар ҳолатни яхшилаш, аҳолига хавфли касаллик­лар юқишини камайтиришга ҳисса қўшади. Қолаверса, чиқиндиларнинг қайта ишланиши табиий ресурсларни тежаш, муқобил энергия, хомашё ва органик ўғит олиниши, мавжуд чиқинди полигонлари ҳудудида экосаноат зоналари ташкил этилишига хизмат қилади.

Вилоятда айрим чиқинди полигонларининг атрофи тўлиқ ўраб олинмаган. Чиқиндиларнинг утилизация қилиш ишлари талаб даражасида эмас. Ҳозирча фақат Каттақўрғон шаҳри, Иштихон, Булунғур ва Ургут туманларида автотарози ва кузатув камералари ўрнатилган, холос.

Янги ташкил этилган чиқинди полигонларини бошқариш дирекцияси вилоят ҳудудий бошқармаси олдида катта вазифалар турибди. Жумладан, чиқиндиларни турига қараб ажратиб йиғиш, кўча ва майдонларда чиқиндилар учун махсус контейнерлар ўрнатиш, аҳоли орасида чиқиндиларни ажратиш ва қайта ишлаш маданиятини шакллантириш борасида кўп ишлар қилиш лозим. Зеро, соҳани ривожлантириш атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқтисодий самарадорлик ва аҳоли фаровонлигини оширишга хизмат қилади.

Дилмурод Тўхтаев.