Донбассда ўт очишга рухсат берилди

Украина қуролли кучлари бош қўмондони ҳарбийларга Донбассдаги кўнгилли аскарларга қарата ўқ узишга рухсат берди, дея хабар берди Украина Қуролли Кучларининг 503-алоҳида батальони матбуот ходими Алексей Годзенко Facebookда.

"Ўт очишни тақиқловчи буйруқлар бекор қилинди. Янги буйруқ – душманни ўлдириш мумкин", деб ёзган у Украина Қуролли Кучлари Бош қўмондони Валерий Залужний билан учрашувдан кейин.

Журналист, шунингдек, фронт чизиғида қўйилган вазифаларни бажаришга "Bayraktar" турк жанговар учувчисиз самолётларининг мавжуд барча комплекслари жалб қилинганини айтди.

Ўтган йилнинг 27 июлидан бошлаб Донбассда ўт очишни тўхтатиш, тўлиқ тақиқлаш, аҳоли пунктлари ва яқинида қурол жойлаштириш, ҳужум, разведка-қўпорувчилик ҳаракатларини тақиқлашни назарда тутган вақтинчалик сулҳ амалда эди. Қоидабузарлик учун эса интизомий жавобгарлик белгиланган.

Ўт очишни тақиқловчи буйруқлар можаро тўлиқ бартараф бўлмагунча амалда бўлишига қармасдан, томонлар ўртасида қуролли тўқнашувлар давом этмоқда.