Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Электр ва газнинг нархи нима сабабдан ошяпти?

2024 йилнинг 16 апрелда Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларининг жорий этилишининг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Унга кўра, 2024 йил 1 апрелдан бошлаб энергетика соҳаси, жумладан, электр энергияси ва табиий газ тўловлари бўйича нархлар ошди. Бунга асосий сабаб, кейинги марта аҳоли учун тарифлар 2019 йил 1 августдан бошлаб ошган бўлиб, 1 кубометр табиий газ ва 1 киловат электр энергияси учун бозор нархидан бир неча бор арзон ҳолда тўлаб келинаётган эди. Маиший истеъмолчиларнинг етишмаётган суммалари эса давлат маблағлари ҳисобидан қопланиб келинган. Натижада бюджетда етишмовчилик пайдо бўлди. Мана шу субсидиялаш тизими орқали соҳани модернизация қилиш ажратилиши мумкин бўлган маблағлар йиллар давомида соҳа корхоналарини дотациядан чиқариш ва молиявий тақчиллигини қоплашга йўналтирилиб келинган.

- Мазкур қарорга мувофиқ, ёқилғи-энергетика ресурсларини 2024-2025 йилларда босқичма-босқич ўзгарадиган янги нархлари қабул қилинди, - дейди “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Самарқанд филиали директори ўринбосари Алижон Норқобилов. - Жорий йилнинг май ойидан бошлаб, аҳоли учун электр энергияси ва табиий газнинг 1 ойлик  истеъмолининг базавий меъёрлари тасдиқланди. Демак, электр энергиясининг 1 ойлик базавий меъёри 200 киловат соат, табиий газ учун эса иситиши мавсумида 500 кубометр, бошқа мавсумда 100 кубометрни ташкил этади.

Иситиш мавсуми иқлим ҳолатидан келиб чиқиб белгиланмоқда. Бу мавсум Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида 5 ой, яъни октябрь-февраль ойларида, бошқа вилоятларда эса ноябрь-февраль, яъни 4 ойни ташкил этади.  Иситишдан ташқари мавсум Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразмда март-сентябрь, бошқа вилоятларда март-октябрь ойларини қамраб олади.

Қарорга мувофиқ, аҳолига сотилаётган суюлтирилган газнинг 1 килограмми учун тўлов 1600 сўм қилиб белгиланяпти. 2024 йилнинг 1 июлдан бошлаб автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун 1 кубометр табиий газ нархи 1800 қилиб белгиланмоқда. Ижтимоий тармоқларда 1 майдан бошлаб метан шохобчаларда нархлар ошиши ҳақидаги гап-сўзлар асоссиз. Чунки Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 30 мартида қабул қилган 173-сонли қарорига кўра, жорий йилнинг 1 июлигача метан “заправка”ларда сотиладиган 1 кубометр газнинг нархи 3350 сўм қилиб қатъий белгиланган.

Қарорга кўра, 2025 йилнинг 1 апрелидан бошлаб, электр энергияси истеъмолининг 1 ойлик тўловида яна ўзгаришлар бўлади. Шунингдек, аҳоли 1 майдан бошлаб энергоресурслар учун ижтимоий норма асосида табақалаштирилган тартибда ҳақ тўлашга ўтади. Ўтиш даврида аҳолини моддий қийинчиликдан ҳимоя қилиш мақсадида ижтимоий норма ҳам киритиляпти. Бу норма электр энергияси учун 200 киловат-соат, табиий газ учун 100 кубометр қилиб белгиланди. Иситиш мавсумида табиий газнинг ижтимоий нормаси 500 кубометргача кўтарилади.

Яна бир гап. Жорий йилнинг 1 майгача ҳисоб-рақам тўлдириб қўйилса, 2 ой мобайнида эски тариф амал қилади. Яъни, Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра, энергоресурслар учун олдиндан пул тўлаб қўйган истеъмолчилар тариф ўзгарган тақдирда ҳам 2 ой давомида эски тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинади. Бироқ, маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. Худди шундай меъёр «Табиий газдан фойдаланиш қоидалари»да ҳам белгилаб қўйилган. Унда тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи 2 ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилиниши қайд этилган. Аммо қарздор ёки май ойининг бошидаёқ шахсий ҳисоб рақамида маблағи тугаб, янги тўловни амалга оширишга мажбур бўлган абонентлар учун тариф ўзгаради ҳамда улар тегишли тартибда янги тариф бўйича ҳисоб-китоб қилинади.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.