Энди баралла айтаман: отам - оддий ўқитувчи!
“Муаллимнинг нони қаттиқ”. Болалигимдан шу гапни эшитиб эсимни танидим. Нега нонимиз қаттиқ бўлар экан, ана юмшоқ-ку дердим болалик хаёлига бориб.
Дадам ўзбек тили ва адабиёти ўқитувчиси. Қишлоқдошларим таъбири билан айтганда, Худойберди малум (шевада). Агар эсимни уч ёшимда таниган бўлсам, ўша пайтдан ўқитувчининг нони қаттиқлаша борди чамамда. Мустақилликнинг илк йилларида эса бу нон қаттиқликда пўлатга тенглашди-ёв. Олти ойлаб кечиктирилиб бериладиган урвоқдай маошлар, моддий етишмовчиликлар, бунинг замирида пайдо бўлган тиббий-ижтимоий муаммолар ичида дадам бир этак бола, жўжабирдай жон, кафтдек ҳовли ва ҳеч қандай қўшимча даромадсиз юмшоқ суягимизни қотирдилар.
Қанча-қанча эркак ўқитувчилар тирикчилик ва тириклик сабабидан ўз севимли касбидан воз кечиб кетишди. Вазият шу даражада хароблашдики, «Отанг нима иш қилади?», деган саволга «Муаллим», деб жавоб бериш биз учун нақадар оғриқли эди. Бу ота касбимиздан ор қилганликдан эмас. Жамиятда ўқитувчининг ҳеч қандай нуфузи қолмаганлиги ва жамиятдаги бошқа қатламлар ўқитувчига орланиб қарай бошлаганлигидан эди. Натижада дадам мактабда ўқитувчилик қилишдан ортган вақтларига колхозчилик қилар, йигирма эгат колхоз ажратадиган ерга тамаки экар, пилла боқар, кичкинагина ҳовлимизда деҳқончилик қилар эдилар. Меҳнатнинг айби йўқ, албатта. Аммо ўша пайтда меҳнатни шараф деб билганимиздан эмас, азбаройи тирикчилик важи, ҳаёт-мамот мажбуриятидан асаларидай ишга ёпишардик.
Йиллар ўтди. Юқори синф ўқувчиси бўлиб шуни тушундимки, агар бу шароитдан чиқишни истасам бир минут вақтимни зое қилмай ўқишим, институтга киришим керак экан. Ўйлардимки, институтга киргач ҳамма муаммолар ҳал бўладигандек. Институтга киргач англадимки, ўқитувчи номини оқлаш ҳам ҳаммага насиб этган неъмат эмас экан. Қанчалар ғайрат билан ўқимай, баъзи фанлардан адолатсизликка дуч келадиган бўлсам, тўғри ўша кафедра мудирининг олдига кирардим. Доимо битта савол олдида ғазабим қўзирди:
- Отанг нима иш қилади, - дерди мудир.
- Отам ўқитувчи, - дердим.
Юзи тиришарди.
- Демак, отанг оддий ўқитувчи, шундайми дерди.
Ғазабим қўзиб:
- Ҳа, худди сизга ўхшаган оддий ўқитувчи, - дердим. Оқибатда, менга «бундайроқ» баҳо насиб қилар, аъло баҳони эса отаси оддий ўқитувчи бўлмаганлар оларди.
Аввал бакалавриатура, кейин эса магистратурани тугатдим. Ниҳоят ўн йиллик тиббий таълимдан сўнг иш излаяпман. Қайси ташкилот эшигини қоқмай, яна ўша «Отанг нима иш қилади?», деган саволга дуч келардим. Иш берувчи томон отам оддий ўқитувчи эканлигини билгач, юзини терс бурарди. Чорак аср мобайнида ўқитувчини маҳаллий ҳокимликларга қарол, қул қилиб берган жамиятдан нафратланардим. Бир йилда бир кунгина нишонланадиган касб байрамида ўқитувчилар пахта даласида хору забун юрарди.
Дадам табиатан жудаям босиқ инсон. Унча мунчага ҳиссиётга берилмайдилар. Аммо бир куни дадамнинг рангларини бир алфозда кўриб ваҳимага тушдим. Кейин билсам, туман ҳокими пахта масаласида дадамни ҳақоратлаган, «Байрамингни бурнингдан чиқараман», деган экан. Бир куни дадамга эргашиб янги қурилаётган «Ургут савдо маркази»га бордик. Кун мобайнида туман ўқитувчилари ҳоким буйруғи билан бозор қурилишига жалб қилинган эди. Атрофда тўрт синфни зўрға тугатган тадбиркор бойлар қўлини орқага қилиб ўқитувчилар қураётган дўконлари олдида куймаланиб юришарди... Ҳокимваччалар шу қадар виждонсизлашдики, бора-бора ҳар қандай қора ишларга ўқитувчилар жалб қилина бошланди. Шиор битта: Чидасанг шу, чидамасанг катта кўча! Таассуфки, ўша замонда ўқитувчини зорини кўчадаги дайди ит ҳам тингламасди. Оҳингни Худога айт!
Миллат ўқитувчисини, муаллимни жамиятдаги энг қашшоқ ва қадрсиз касб эгаларига айлантирган давлат таназзулга маҳкум бўлишини жаҳон тажрибаси неча бор исботлаган... Мана, ўша чорак аср давом этган бўҳроннинг ҳамонки жабрини тортяпмиз.
Яхшиям ҳозир ўқитувчини кўча тозалашга олиб чиқадиган ҳокимлар йўқ. Бўлса ҳам энди қўрқади. Яхшиям энди мажбурий меҳнат деса ҳокимлар бир қалқиб тушади. Чунки ўқитувчига муносабат, эътибор ўзгарди. Бундан кейин ўқитувчининг боласи елкасини қисиб юрмасин. “Отанг нима иш қилади”, деган саволга ОТАМ ЎҚИТУВЧИ деб баралла айта олсин!
Орифжон Комилов,
оддий ўқитувчининг ўғли.