Ҳайит арафасида 19 нафар аёл жазодан озод этилиб, оиласи бағрига қайтарилди

Рамазон ҳайити арафасида Олий суд раисининг ўринбосари Х.Ёдгоров Олий суд, қолаверса, Тошкент шаҳри ва вилояти судларида фаолият юритаётган аёл судьялар ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида Зангиота туманида жойлашган аёллар жазо ўтаётган муассасада бўлиб, очиқ мулоқот ўтказди.

Мулоқот давомида жазо ўтаётган аёлларга бадиий китоблар совға қилинди

Олий суд матбуот хизмати хабарига кўра, жазони ижро этиш муассасасида сайёр суд мажлиси ҳам бўлиб ўтди. Унда жами 19 нафар аёл жазодан озод этилиб, уйига – оиласи бағрига қайтарилди.

Бундан ташқари 20 нафар аёл ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колониясига ўтказилди.

- Хурсандлигимдан кўзёшимни тиёлмаяпман, - дейди наманганлик Г.Х. — 2 нафар фарзандим бор. Қилмишимдан чин кўнгилдан пушаймонман. Мени илтимосим инобатга олиниб, муддатидан олдин озодликка чиқаяпман. Бунинг учун Президентимизга, жазони ижро этиш муассасасига, Олий суд раҳбариятига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Бошқа жиноят содир қилмайман. Оилам даврасида ҳалол меҳнат қилишга ваъда бераман.

Сайёр суддан сўнг Олий суд раиси ўринбосари Х.Ёдгоров жазони ижро этиш муассасасидаги маҳкумаларни қабул қилиб, уларнинг мурожаатларини тинглади. 17 та маҳкуманинг назорат тартибидаги аризалари кўриб чиқиш учун қабул қилинди.