Эъзозга муносиб самарқандлик хотин-қизлар учун байрам дастурлари бошланди. «Мўътабар аёл» кўкрак нишони ўз соҳибаларига топширилди

Самарқанд шаҳридаги ёшлар марказида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан «Аёлини асраган, улуғлаган халқ буюкдир» шиори остида байрам тадбирлари бўлиб ўтмоқда. Унда вилоятда турли соҳаларда меҳнат қилаётган фаол, жамоатчи хотин-қизлар, депутатлар, сенаторлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқда.

Вилоят ҳокими Э.Турдимов байрам иштирокчиларини, уларнинг тимсолида самарқандлик хотин-қизларни байрам билан қутлар экан, хотин-қизларнинг оиладаги, жамиятдаги ўрни хусусида тўхталиб ўтди, уларга қаратилаётган эътибор ва яратилаётган имкониятлар натижасида аёллар эришаётган ютуқлар эътироф этилди.

Анжуманда оила ва жамиятда муносиб ўрин эгаллаган, оқилалиги, зукколиги билан эл ҳурматидаги 18 нафар аёлга "Мўътабар аёл" кўкрак нишони, шунингдек, бир гуруҳ хотин-қизларга вилоят ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва эсдалик совғалари топширилди.

"Мўътабар аёл" соҳибаси Самарқанд туманидаги 22-умумтаълим мактаби она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Азиза Зокирова, Қўшработ туманидаги 82-умумтаълим мактабининг бошланғич таълим ўқитувчиси Сайёра Тошбоева ва бошқалар мамлакатимизда илк бора берилаётган бу мукофотга лойиқ кўрилаётганидан мамнун эканлигини таъкидлашди. 

Байрам тадбирлари давомида иштирокчиларга самарқандлик ҳамда пойтахтдан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.