Жамоат транспорти йўловчилар талабига жавоб беряптими?

Вилоят Матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда ана шу саволга жавоб изланди.

Унда вилоят транспорт бошқармаси транспорт ҳаракатини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи Маҳмуд Узоқов журналистларга вилоятимизда жамоат транспортининг ҳолати, йўловчиларга яратилаётган шароит ва қулайликлар ҳамда жорий йилги режалар ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Жумладан, бугун кунда вилоятимиз шаҳар ва туманларида 2772 та транспорт воситалари белгиланган 348 та йўналишда, 18615 та йўналишсиз таксилар аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг 537 таси автобус, 147 таси микроавтобус ҳамда 2088 таси “Дамас” русумли транспорт воситалари ҳисобланади. 2024 йилда 119 та янги замонавий автобус, жумладан, 94 та электробус, 25 та автобус ва 13 та замонавий микроавтобуслар йўловчи ташиш йўналишларига чиқарилди.

- Ўтган давр мобайнида жамоат транспортлари томонидан 2883,3 минг йўловчи ташилди, 64 минг нафар йўловчи эса имтиёзли тарзда бепул ўз манзилига етказиб қўйилди, - дейди Маҳмуд Узоқов. – Самарқанд шаҳридаги трамвайлар ёрдамида кунига ўртача 10500 нафар йўловчи ташилмоқда.

Транспорт бошқармаси томонидан Самарқанд шаҳар транспорт ҳаракати бош режасидан ўрин олган йўналишларга янги автобуслар олиб келиш ҳамда жойлаштириш юзасидан тадбиркорлар билан иш олиб борилмоқда. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 20 та автобус йўналишларидан тендер асосида хизмат кўрсатиш истагини билдирган ташувчилар билан брутто-шартномаси имзоланди. Бундан ташқари, вилоятлараро, “Тошкент” - “Самарқанд”, “Тошкент” - “Пайариқ”, “Тошкент” - “Жўш”, “Навоий” - “Зиёвуддин” каби шаҳарлараро йўналишларида мунтазам автобус қатновлари йўлга қўйилган.

- Жорий йилда бошқармамиз олдига кўп вазифа қўйилган, - дейди М.Узоқов. – Маҳаллий тадбиркорлар томонидан 112 та замонавий автобус ва 80 та микроавтобус олиб келиш кўзда тутилган. Шаҳардаги 23 та йўналишга электрон тендер ўтказилиб, чекланган тарифлар бўйича йўловчилар ташишни босқичма-босқич брутто-шартнома асосида хизмат кўрсатилиши таъминланади. Чўпон ота қўрғонида янги замонавий автовокзал фойдаланишга топширилади. Самарқанд туманида 2 та, Оқдарё туманида 1 та автостанция ташкил этилиб, Нарпай туманидаги автостанция реконструкция қилинади. Шунингдек, 34 та автобус бекатлари қурилади. Жамоат транспорти учун 11,2 километр махсус йўлак ажратилади. Йўловчи ташувчи транспортлар етиб бормаган маҳаллалар 12 та янги йўналишлар ташкил этилади.

Матбуот анжуманида мутасаддилар журналистларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ.