Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Темир Қоя. Ҳикоя

Александр Куприн

Шамол бошланди. Бугун денгизда тунашимизга тўғри келади. Соҳилгача ўттиз чақирим. Иккимачталик фелюга (елканли ов кемаси) ланжлик билан у ёқдан-бу ёққа тебранади. Ҳўл елканлар осилган.

Оппоқ туман кемани ўраб олди. Юлдузлар ҳам, осмон ҳам, денгиз ҳам, тун ҳам кўринмайди.

Биз гулхан ёқмаймиз.

Фелюганинг кекса, кийимлари юпун ва ялангоёқ капитани Саид Абла сокин, мағрур ва теран овозда қадимий воқеани айтиб беряпти, мен унга чин юракдан ишонаман.

Мен ишонаман, чунки тун жуда ғалати сокинликда бўлар, кўринмас денгиз остимизда ухлаб ётар, биз туманга бурканиб қалин оппоқ булутлар орасида секин сузиб юрибмиз.

“Унинг исми Темир Қоя эди. Бу одам на раҳм-шафқат, на уят, на қўрқувни биларди.

У ўз тўдаси билан Истанбул атрофида ва муборак Фессалияда, тоғли Македония ва болгар семиз яйловларида ўғирлик қилган. Тўқсон тўққиз киши унинг дастидан вафот этди, уларнинг ичида аёллар, қариялар ва болалар ҳам бор эди.

Кунларнинг бирида тоғларда уни подшонинг кучли қўшинлари ўраб олди. Уч кун давомида Темир Қоя гўё итлар тўдаси билан курашаётган бўрига ўхшаб курашди. Тўртинчи куни саҳарда у ёриб чиқди, фақат ёлғиз ўзи. Унинг ўртоқлари шиддатли қувғинда вафот этди, айримлари эса Истанбулнинг думалоқ майдонида жаллод қўлида жон берди.

Яраланган, ҳолсизланган Темир Қоя тоғ чўпонлари бошпана берган тепаликдаги ғорда олов ёнида ётар эди. Кечанинг ярмида унинг ёнида алангали қилич каби оппоқ фаришта пайдо бўлди. Темир Қоя ўлим хабарчиси Азройилни таниди ва деди:

- Аллоҳнинг иродасига бўйсунаман! Мен тайёрман.

- Йўқ, - деди фаришта, - ҳали сенинг вақтинг келмади. Худонинг иродасига қулоқ тут. Ўлим тўшагидан кўтарилганингдан сўнг бориб хазиналарингни ердан қазиб ол ва уларни олтинга айлантир. Кейин тўғри Шарққа қараб йўл тут ва еттита йўл туташган жойга етгунингга қадар юришда давом эт. У ерда салқин хонали, кенг курсилари,  таҳорат учун тоза суви бор фавворалари, зиёратчилар учун овқат ва ичимликлари тайёр, чарчаганлар учун хушбўй қаҳва билан кутиб олинадинган уй қурасан. Ўтиб кетаётган барчани ёнингга чақир ва уларга қул каби хизмат қил. Сенинг уйинг уларнинг уйи, олтинларинг уларнинг олтини, меҳнатларинг уларнинг роҳати бўлсин. Бир вақт келиб, Аллоҳ оғир гуноҳларингни унутиб, умматлари қонини тўкканингни кечиришини билиб қўй.

Шунда Темир Қоя сўради:

- Раббим гуноҳларимни кечирганлиги тўғрисида менга қандай белги беради?

Фаришта жавоб берди:

Ёнингдаги тутаб турган оловдан, кул билан қопланган қоракуядан олиб ерга эк. Қачонки у пўстлоқ билан ўралиб униб чиқса ва гулласа билгинки, гуноҳларингни ювиш вақти келди.

Орадан йигирма йил ўтди. Жиддадан Смирнагача борадиган етти йўл туташган жойдаги меҳмонхона довруғи подшоҳ юрти бўйлаб тарқалди. Гадой у ерга гадойтўрвасини тўлдириб, очлар тўқ, чарчаганлар тетик, ярадорлар эса шифо топиб кетар эди.

Йигирма йил давомида Темир Қоя ҳар оқшом ҳовлида кўмилган дарахт кундасига қаради, лекин у қорайганича ўлик тураверарди. Темир Қоянинг лочин кўзлари хира тортди, қудратли танаси эгилиб, бошидаги сочлари фаришталарнинг қанотига ўхшаб оқариб қолди.

Бир куни эрта тонгда у от дукурлашини эшитди ва терга ботган отда елдек учиб бораётган чавандозни кўрди. Темир Қоя югуриб чиқиб, от жиловидан ушлаб чавандозга ялинди:

- Биродар, уйимга кир, егулик еб куч йиғиб ол, кейин йўлингда давом этасан.

Сайёҳ ғазабланиб, унга бақира кетди:

- Мени қўйиб юбор, чол! Қўйиб юбор!

У Темир Қоянинг юзига тупурди ва қамчидаста билан унинг бошига уриб, отини чоптириб кетди.

Мағрур қароқчининг қони қайнаб кетди. У ердан тош олиб, дилозор томонга улоқтирди ва унинг бошини ёрди.

Чавандоз эгарда тебраниб йўл устидаги чангга қулаб тушди.

Саросимага тушган Темир Қоя унинг олдига югуриб борди ва ачиниб деди: 

- Биродарим, мен сени ўлдириб қўйдим чоғи...

Ўлаётган киши жавоб берди:

- Йўқ, мени ўлдирган сиз эмассиз, бу - Аллоҳнинг қўли. Мени эшитинг. Вилоятимиз Пошшоси шафқатсиз, очкўз ва адолатсиз одам. Менинг дўстларим унга қарши фитна уюштиришди. Бериладиган мукофот эвазига мен уларни сотмоқчи бўлиб шошаётган эдим. Лекин сиз отган тош мени тўхтатди. Худо шуни хоҳлади.

Мусибатдан тушкунликка тушган Темир Қоя ҳовлисига қайтди. Унинг йигирма йил сабр-тоқат билан кўтарилган саховат ва тавба зинапояси ёзги тонгнинг бир лаҳзасида қулади. 

Умидсизлик билан ҳар куни кўзлари одатланиб қолган қоракуя томон қаради. Тўсатдан мўъжиза юз берди. У ўлик дарахтнинг ўсиб чиқиб, куртаклар билан ўралганлигини, хушбўй яшил либослар ва нозик сариқ гуллар билан бурканганини кўрди. 

Шунда Темир Қоя хурсандчилигидан йиғлаб юборди. Чунки у буюк ва раҳм-шафқатли Аллоҳ таоло ўзининг бир хиёнаткорни ўлдиргани орқали кечирганини тушунди”.

Баҳора Муҳаммадиева таржимаси.