Мутолаа: Уч савол (ҳикоя)

 Лев Толстой

Бир куни подшоҳ “Одам ҳар доим, ҳар қайси ишни, қай маҳал бошлаш вақтини биладиган бўлса, нима бўларди?”, деб ўйланиб қолди. Қанийди инсон ким билан ишлаш, ким билан ишламаслик, энг муҳими, ишларнинг қай бири ўта зарур эканини ва у ҳеч қачон муваффақиятсизликка учрамаслигини билса...

Шу ўйлар билан шоҳ ўз салтанатидагиларга ҳар бир ишни бошлаш учун тўғри вақтни танлаб, қайси одамлар энг кераклилигини билиб берадиган ва хатога йўл қўймасликни ўргатадиган кишига катта мукофот бериши тўғрисида эълон қилди. Шоҳ ҳузурига илмли кишилар кела бошлади, улар унинг саволларига турлича жавоб бера бошлашди.

Биринчи саволга “Ҳар бир иш фойдали бўлиши учун олдиндан кун, ой, йил жадвалини тузиб, белгилаб қўйилган режага қатъий риоя қилиш керак”, -  деб жавоб беришди. - Шундагина  ҳар бир иш ўз вақтида амалга ошади, – деди улар. Бошқалари юмушлар бажарилишини олдиндан ҳал қилиб бўлмаслиги, вақтни бекорга ўтказмасдан ҳар доим содир бўлаётган нарсаларга эътиборли бўлиш, кейин эса талаб қилинадиган ишларни бажариш керак, деб айтишди. Учинчилари нима содир бўлаётганига қанчалик эътиборли бўлмасин, бир киши ҳар доим ҳам қай вақтда, нима қилиш кераклиги тўғрисида хулоса бера олмаслиги, бироқ сеҳргарлардан сўраб, уларнинг айтганига қулоқ тутиб, маслаҳатига асосланиб, иш бажариш кераклигини айтишди.

Тўртинчилари “шундай ишлар бўладики, улар тўғрисида маслаҳатлашиб ҳам ўтиришга вақт бўлмай қолиши” ҳақида гапириб қолди. Бу ишларни бошлаш вақти келган-келмаганлигини олдиндан ҳал қилиш ва улар нима билан тугашини фақат коҳинлар билишини, шунинг учун ҳар бир юмушнинг ҳақиқий вақтини билиб олишни улардан сўраш кераклиги ҳақида мулоҳаза қилишди.

Иккинчи саволга ҳам турлича жавоб беришди. Улардан бири подшога энг керак бўлган одамлар унинг ёрдамчилари – ҳукмдорлар экани, бошқаси подшоҳнинг энг зарур одамлари – руҳонийлар бўлгани, яна бири шоҳнинг энг керакли одамлари бу – шифокорлар эканлиги, тўртинчиси эса шоҳга одамлардан кўра урушлар зарур, деб айтди.

Учинчи “Ишларнинг қай бири жуда муҳим?” саволига ҳам ҳар хил жавоб бўлди: Кимдир дунёда энг муҳим нарса илм-фан иши деса, яна бири энг муҳими уруш санъати дер, бошқалари ибодат қилишни энг муҳим иш, деб айтарди. Жавоблар ҳар хил бўлди, якдиллик бўлмаганидан сўнг подшоҳ уларнинг ҳеч бирига қўшилмади ва мукофот ҳеч кимга берилмади.

Саволларига жўяли жавоб топиш учун у бу ҳақда донолиги билан шуҳрат қозонган зоҳиддан сўрашга қарор қилди. Зоҳид ўрмонда яшарди, у ҳеч қаерга чиқмасди ва фақат оддийгина одамларни қабул қиларди. Шундай қилиб подшоҳ отдан тушиб, ўз қуролбардорларини ўрмондаги зоҳид яшайдиган уйдан узоқроқ жойда қолдирди, у оддий кийимлар кийиб ёлғиз унинг уйига борди. Шоҳ унга яқинлашганда, зоҳид кулбаси олдида ер чопиб ўтирган экан. У подшоҳни кўриб салом берди ва чопишда давом этди. Чол озғин ва заиф эди, у белкуракни ерга тиқиб, майда кесак бўлакларини ағдарганича оғир нафас оларди.

Подшоҳ унга яқинлашди ва:

- Доно зоҳид, мен сизнинг олдингизга бир илинж билан келдим. Мени қийнаётган учта саволга жавоб беришингизни сўрайман: “Кейин афсусланмаслик учун қайси вақтни эслаб қолишим ва ўтказиб юбормаслигим керак?”, “Қайси одамлар энг керакли, қайсиси билан кўпроқ мулоқотда бўлиб, ким билан камроқ муносабат қилишим керак? Ва, энг муҳим нарса нима ва қайси юмуш жуда муҳим бўлганлиги учун бошқаларидан олдин бажарилиши керак?

Зоҳид шоҳ айтганларини қулоқ солиб тинглади, бироқ жавоб бермади, у қўлига тупурди-да, яна ер қазишда давом этди.

- Сиз чарчадингиз, - деди шоҳ, - белкуракни менга беринг, ўзим чопиб ташлайман.

- Раҳмат, деди зоҳид ва белкуракни шоҳга узатиб, ерга ўтириб олди.

Подшоҳ икки қатор ер чопиб, тўхтаб, яна саволини такрорлади. Зоҳид жавоб бермади, у ўрнидан туриб қўлини белкуракка узатди:

- Энди сен дам ол, менга бер, - деди.

Шоҳ белкуракни бермай, қазишда давом этди. Орадан бир-икки соат  ўтди; қуёш бота бошлади, подшоҳ белкуракни ерга санчди ва:

- Донишманд, сизнинг олдингизга саволларимга жавоб топиш учун келган эдим. Агар жавоб бера олмасангиз, шундай деб айтинг, мен кетай, - деди.

- Қара, бу ерга кимдир югуриб келяпти, - деди зоҳид. – Бу ким бўлди экан?

Ўгирилиб қараган шоҳ ўрмондан югуриб келаётган бир соқолли одамни кўрди. Бу одам қўллари билан қорнини ушлаб келарди, қўллари остидан қон оқаётган эди. Соқолли одам подшоҳ олдига югуриб келиб, ерга йиқилди, у кўзларини тепага қаратиб, қимирламасдан ётиб олди, фақат кучсиз инграрди. Подшоҳ зоҳид билан бирга унинг кийимларини очиб ташлади, қорнида катта жароҳат бор экан. Шоҳ қўлидан келганича уни ювиб, рўмоли ва зоҳид берган сочиқ билан боғлаб қўйди. Лекин қон кетиши тўхтамади ва подшоҳ бир неча марта илиқ қонга ботган боғични ечиб, ярани яна ювиб, боғлаб қўярди. Қон оқиши тўхтагач, ярадор ўзига келиб, ундан сув беришни сўради. Шоҳ сув олиб келиб, ярадорга ичирди. Бу орада қуёш ботиб, ҳаво салқин бўлиб қолди. Подшоҳ зоҳид билан бирга ярадорни кулбага олиб бориб, уни ётқизиб қўйишди. Ярадор кўзларини юмиб, жим бўлиб қолди. Шоҳ юриб, ишлаб шунчалик чарчаган эдики, остонада чўккалаб ухлаб қолди, у шунчалик қаттиқ уйқуга кетибдики, ёзнинг қисқа туни ўтиб, тонг отганини сезмай қолди. Саҳарда уйғониб, анча вақтгача қаердалигини ва ётоқдаги унга чақнаб турган кўзлари билан тикилиб турган ғалати соқолли одам кимлигини тушунолмади.

- Мени кечиринг, - деди соқолли одам бор кучини йиғиб, шоҳнинг уйғониб, унга қараб турганини кўриб.

- Сени танимайман, нега мендан кечирим сўраяпсан? – деди шоҳ.

- Сиз мени танимайсиз тўғри, лекин мен сизни танийман. Мен ўша, укамни қатл қилиб, молимни мусодара қилганингиз учун сиздан қасос олишга қасам ичган душманингизман. Зоҳид ҳузурига ёлғиз боришингизни билиб олиб, қайтишингизда сизни ўлдиришга қарор қилдим. Бутун кун ўтиб ҳали ҳам қайтмаганингиздан сўнг қаердалигингизни аниқлаш учун пистирмадан чиқдим ва қуролбардорларингизга дуч келдим. Улар мени таниди, менга ташланиб, ярадор қилишди. Улардан қочиб чиқиб, бу ерга келдим. Агар ярамни боғламаганингизда қон кетиб, ўлишим аниқ эди. Мен сизни ўлдирмоқчи эдим, сиз эса мени ҳаётимни сақлаб қолдингиз. Тирик қолсам ва агар сиз йўқ демасангиз, сизга энг содиқ қул бўлиб хизмат қиламан, ўғилларимга ҳам шуни буюраман. Мени кечиринг.

Подшоҳ душмани билан осонликча муросага келганидан жуда хурсанд бўлди, уни нафақат кечирди, балки мол-мулкини унга қайтариб беришга ва қўшимча равишда унинг уйига хизматкорлар ва шифокорларини юборишга ваъда берди. Ярадор билан хайрлашиб, шоҳ айвонга чиқди ва зоҳидни излай бошлади. Зоҳид ҳовлида эди ва кечагина қазилган қаторлар ёнида тиз чўкканча, уруғ экаётган эди. Унга яқинлаши ва деди:

- Донишманд, менинг саволларимга жавоб беришингизни охирги марта илтимос қилиб сўрайман.

- Саволларингга жавоб олдинг, - деди озғин болдирларига ўтириб олган зоҳид, рўпарасида турган подшоҳга пастдан тепага қараб.

- Қанақасига жавоб олдим? – деди шоҳ.

- Бўлмаса, эшит. Агар кеча менинг ожизлигимга раҳминг келмай, мана бу қаторларни чопиб бермасдан, келган йўлингдан бир ўзинг қайтиб кетганингда, мана бу паҳлавон йигит сенга ҳужум қилган бўларди. Шунда ёнимда қолмаганинг учун афсусланган бўлардинг. Бундан чиқди, сен ер чопган вақт бирор бир иш бошлаш учун энг зарур вақт экан, мен эса сен учун ўша вақтда жуда керакли одам бўлдим, ва энг муҳими, менга яхшилик қилишинг бўлди. Бу йигит югуриб келганида, энг керакли вақтда унга қарашдинг, чунки агар унинг ярасини боғламаганингда, у сен билан ярашмасдан ҳалок бўлган бўларди. Шу тариқа у сен учун энг муҳим одам бўлиб қолди, ўз навбатида сенинг қилган ишинг у учун жуда муҳим эди. Шуни ёдингда чиқарма, энг муҳим вақт битта: бу – айни дам, у шуниси билан муҳимки, фақат шу вақтнинг ўзида биз ўзимиз устимиздан ҳукмронликка эгамиз; ва ҳозир ким билан рўпара келган бўлсанг, айнан у сенинг энг керакли одаминг, чунки у ҳам бошқа одам билан муомала қилиши ёки қилмаслигини ҳеч ким била олмайди ва энг муҳими – унга фойдали бўлганинг, чунки инсон фақат яхшилик қилиш учун ҳаётга юборилган. 

Б.Муҳаммадиева таржимаси.