Олий таълимда коррупциянинг олдини олиш учун таклиф бор
Transparency International халқаро ташкилотининг ҳисоботига кўра, 2021 йил учун Коррупцияни қабул қилиш индексида Ўзбекистон аввалги йилга нисбатан ўз ўрнини 6 поғонага кўтариб, 140-ўринни эгаллади (2018 йилга нисбатан 18 поғона юқори). Бу кўрсаткич мақтанарли даражада бўлмаса-да, ўзгариш бўлаётгани яхши. Аммо олий таълим муассасаларида қандай қилиб вазиятни яна ҳам яхшилаш мумкин?
Бугунги кунда ривожланган давлатларнинг олий таълим муассасаларида коррупция ҳолати деярли учрамайди. Тўпланган тажриба ва кўрган тизимлардан келиб чиқиб, Ўзбекистон олий таълим муассасаларини янги босқичга олиб чиқиш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича иккита таклиф бермоқчиман.
Биринчи таклиф – Email почта тизими. Бу тизимни яратиш учун университет ёки институт кесимида барча талабалар ва ўқитувчи (ходим)ларнинг алоҳида Email почталарини яратиш керак. Сўнгра талабаларга ўтиладиган фанлардан сўровномалар тайёрлаб, ҳар бир семестр охирида Email орқали жавоб олиш лозим. Сўровнома асосида талабалар ҳар бир фан бўйича дарс сифати ва коррупция ҳолатини баҳолайди.
Талабаларнинг Email орқали юборган жавоблари автоматик тарзда олий ўқув юрти ва тегишли вазирликларнинг маълумотлар базасига тушади.
Олинган натижаларнинг таҳлили бўйича ОТМ раҳбарияти сифат даражаси паст деб баҳоланган ўқитувчилар билан ишлаши, малакасини ошириши, шунда ҳам ўзгармаса, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиши керак.
Бу тизимнинг биз билган қоғозда олинадиган сўровномалардан яна бир асосий афзаллиги шундаки, текшириш ва таҳлил учун деярли вақт сарфланмайди, талабалар саволларга жавоб беради ва тизимнинг ўзи автоматик тарзда натижаларни чиқариб беради.
Иккинчи таклиф – университетларни халқаролаштириш. Президентнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, республикадаги камида ўнта олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (QS, THE yoki Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига, шу жумладан, Ўзбекистон Миллий университети ва Самарқанд давлат университетини биринчи 500 таликка киритиш белгиланган. Хўш, университетларимизни халқаролаштириш, дунё тан оладиган олийгоҳларга айлантириш учун нималар қилишимиз керак?
Ривожланган давлатлар ва дунёнинг 1000 талик рўйхатига кирадиган университетларнинг деярли барчасида инглиз тили ўқитиш дастурлари мавжуд. Мисол учун, Венгриянинг тўққизта олий таълим муассасаси дунё тан олган ташкилотларнинг дастлабки 1000 талик рўйхатига киради ва буларнинг ҳаммасида инглиз тилида ўқитиш дастурлари мавжуд. Жумладан, QS рейтинги бўйича 691-600 ўринларда турувчи Дебреcен университетида 70 дан зиёд инглиз тилидаги дастурлар мавжуд бўлиб, уларда 300 дан ортиқ инглиз тили гуруҳлари ёки 7000 нафардан ортиқ халқаро талаба таҳсил олмоқда.
Бугунги кунда бизнинг олий таълим муассасаларимизда ҳам дарслар инглиз тилида олиб бориладиган гуруҳлар очилиши керак. Натижада талабалар замонавий ва хориж билимларини олиб, халқаро стандартлар асосида юқори малакали, креатив ва тизимли фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган кадрлар бўлиб етишади. Хорижий талабалар сони ошади, хорижий университетлар ва профессор-ўқитувчилар билан (мақола чиқариш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинув дастурларини кўпайтириш бўйича) ҳамкорлик жадаллашишига олиб келади.
Отабек УМАРОВ,
Венгриянинг Дебреcен университети докторанти.