Омондарам бор бўлсин!
Мен кўпчилик биладиган Жом қишлоғида туғилиб, ўсганман. Кўпроқ умрим ўқиш ва иш билан Самарқанду Тошкентда ўтганлиги учун қишлоқдошларим билан у ёки бу тадбирга келгандагина суҳбатлашганман.
Тўғриси, баъзан ҳавонинг ноқулай пайтларида бу ерларга келиб-кетишнинг ўзи муаммо: йўллари ёмонлиги етмаганидек, на дурустроқ дўкон, емакхона, сартарошхона бор эди. Шукрким, Жом қишлоғи маркази давлатимиз раҳбарининг бевосита эътибори билан бугун гўзал гўшага айланди.
Аммо Жом учта маҳалладан иборат. Омондара Қашқадарё вилоятига чегара жойда жойлашган. Бу маҳаллага боришда доимо қийналамиз. Чунки, мустақиллик даврида ҳам йўллар асфальт кўрмаган. Айниқса, олис Тошкентдан Жом марказигача осон келардигу, қолган уч километр масофани азоб билан босиб ўтардик.
Яқинда қишлоққа йўлим тушди. Очиғи, йўлларга шағал тўкилганини, ҳатто асфальт ётқизилганини кўриб, кўзларимга ишонмадим: наҳотки, бизнинг азалий тупроқ ва тош кўчалар шундай обод бўлди. Ҳа, энди, бирортаси шикоят қилган бўлса, йўлнинг озроқ қисмини обод қилишгандир-да, деб ўйладим. Чунки илгари ҳам бунақа амалиётлар йўқ эмас эди. Лекин юрган сари ҳайратим ошаверди. Асфальт йўл сой кўпригигача, ҳатто сал тепароқда жойлашган Чўнқаймиш қишлоғигача борибди.
Одамлар билан суҳбатлашар эканман, улардаги хурсандчиликдан кайфиятим кўтарилди.
Меҳнат фахрийси Эштурди Раҳимовнинг айтишича, сўнгги бир ярим ой ичида вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов қишлоққа икки марта келган. Йиллар давомида тўпланиб қолган муаммоларни ечиш учун мутахассислар билан муҳокамалар ўтказган. Натижада биргина Омондара маҳалласида 673 та хонадон бўлиб, 4 215 нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлса, уларнинг аксариятига хонаки товуқлар тарқатилган, инкубаторлар келтирилган. Муҳими, аҳоли етиштирган тухум ва жўжаларни сотиб олиш ва бошқа жойларга элтиб сотиш учун алоҳида ташкилот ҳам ташкил қилинган. Бу ерда 12 нафар аёл бош қўшиб, битта тикув цехи очган.
Адолат опа деган зиёли онахонимиз қишлоқдаги жоме масжиди ёнида кутубхона ташкил этиб, одамларга фойдаси тегиб турган эди. Эркинжон Турдимов ана шу опанинг кутубхонасига 5 мингта китоб келтириб берибди. Айтгандай, қишлоққа иккита махсус контейнер ўрнатилиб, эркаклар ва аёллар сартарошхонаси ҳам иш бошлабди.
Энг муҳими, кейинги бир ой ичида 10,5 километр узунликдаги йўлга асфальт ётқизилибди. Жом атрофидаги маҳаллаларга 2 минг туп манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилибди, 1200 та бетон устунлари қўйилибди. 5 та янги трансформатор келтирилиб, 2 таси ўрнатилибди, иккита қудуқ қазиляпти. Ҳадемай марказлашган тоза ичимлик суви тармоғи тортилади. Дарвоқе, маҳалла ҳудудида “Ғиштбанд” сув омбори қурилишига киришилибди, маҳалланинг янги биноси ҳам битай деб қолибди. 21-мактаб филиалига қатновчи ўқувчилар, айниқса, ёғингарчилик пайтларда сойдан ўтишга қийналаётгани инобатга олиниб, янги кўприк бунёд этиляпти.
Бугун Тошкент шаҳрида яшасам ҳам қалбим ҳамиша Жомда, унинг атрофида болалигимга гувоҳ бўлган қадрдон яйловларда, менга оқ йўл тилаган меҳрибон ҳамқишлоқларимда. Шунинг учун ҳам бу галги ташрифим қалбимни ғурурга, фахрга тўлдирди. Ҳамқишлоқларимдаги қувонч кўзларимга нур, вужудимга шавқ бағишлади. Мана шундай пайтда олис қишлоқ аҳлининг дуосини олган вилоят ҳокимига мен ҳам чин кўнгилдан раҳмат айтишни фарз деб билдим.
Бугунги фаровон турмушимизга, бунёдкор халқимизнинг шижоатига, шу шижоатли элни эзгуликка бошлаётган фидойи раҳбарларимизга кўз тегмасин.
Дилором Ёрматова,
қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор.