Ўқув йилининг ярми ортда қоляпти, айрим мактабларга ҳамон дарсликлар келмади
Тан олиш керак, йилнинг ярмига келиб ҳам ўқувчиларнинг дарслик олмагани ҳеч қачон рўй бермаган ҳолат. Ҳатто Сенат масалани кўтариб чиқиб ҳам муаммо ҳамон муаммолигича тургани ачинарли ҳолат, албатта.
Энг замонавий технологияларни қўятуринг, фарзандларимизга дарсликларни ўз вақтида етказа олмаётганимиз менга жуда алам қилади.
Фарзандларим Самарқанд шаҳридаги 81-мактабда таҳсил олади. Одатда ишдан кечроқ қайтаман, уйга киришим билан мени пойлаб турган ўғлим ва қизим салом берадию басма-бас қўлимдаги телефонга ёпишади: “Дарсларни телеграмдан олишимиз керак”. Унгача дарс қилиш ҳам йўқ.
Жараён ачинарли - ўқитувчи синф учун мавжуд биргина китобдан дарс ўтади, уйга вазифага берилган машқ ёки масалани расм шаклида телеграмга қўяди, ўқувчилар шундан сўнггина уй ишини бажара олади. Бу ҳолатда ўқитувчига ҳам, ўқувчига ҳам осон бўлмаслиги аниқ. Энди бир оилада бундай телефон битта, ўқувчилар сони икки ёки уч нафар бўлса ҳолатни тасаввур қилаверинг.
Ахир интернет тезлиги ҳаминқадар бўлган бир шароитда беш ёки олти соат дарснинг барчасидан уйга вазифани интернет орқали олишнинг ўзи бўлмайди. Ачинарлиси, бир соат дарс мавзусини тушунмай қолган ўқувчи кейинги ўтилаётган мавзуларни ҳам ўзлаштира олмайди. Оқибатда унда мактабга, ўқишга бўлган қизиқиш, хоҳиш-истак йўқолади.
Шусиз ҳам қарийб икки йил давом этган пандемия сабаб мактаб ўқувчилари дарсларни ўзлаштиришда кўп қийинчиликларга дуч келди. Баъзан интернетнинг пастлиги, баъзида эса онлайн дарсларнинг яхши йўлга қўйилмагани сезиларли йўқотишларга олиб келди. Бу йил пандемия бироз чекиниб, мактаблар фаолияти тикланди. Афсуски, бугун дарслик муаммоси 81-мактабда ўқувчи, ўқитувчи ва ота-оналарнинг ҳақли эътирозига сабаб бўляпти.
Сулаймон Асомиддинов.
***
P/s: Мактабдаги дарслик муаммосини батафсил ўрганиш, мактаб ёки халқ таълими мутасаддисидан икки оғиз маълумот олиш ҳам мумкин эди. Аммо аллақачон қилиниши лозим бўлган, бироқ шу пайтгача ҳал этилмаган муаммо ҳақида турли важларни эшитишдан кимга фойда?