Ошхона жиҳозлари тарихини биласизми?

Пичоқ ошхона жиҳозлари ичида энг қадимгиси бўлиб, у аввал ханжар кўринишида бўлган. XVIII аср охирида Наполеон I ошхона пичоқларини ҳаддан ташқари ўткир учли қилиб ясашни тақиқлаган ва ҳозирги - учи ўтмас пичоқларидан фойдаланиш ҳақида буйруқ берган.

***

Биринчи ликопчалар 1498 йилда Францияда пайдо бўлган. Улар учбурчак шаклида ясалган. Ундан олдин ликопча ўрнида думалоқ тахтадан фойдаланилган.

***

Биринчи сочиқ-салфетка Испанияда “ихтиро” қилинган. Кейинчалик 1461 йилда Францияда Карл VII ни тахтга ўтириши муносабати билан ташкил этилган базмда жорий этилган. Людовиг XV даврида сочиқ-салфеткаларни жой-жойига қўйиши билан бутун бир мутахассислар штати шуғулланган. Улар бу санъатни эгаллаш учун бир йил ўқишган.

***

Биринчи санчқи – вилка ҳам Францияда XVI асрда Генрих III даврида пайдо бўлган. У ҳозирги замон санчқиларига кам ўхшаган: дастаси калтагина бўлиб, атиги бир-иккита “тиш”и бўлган.
Санчқи Россияда XVII аср бошларида пайдо бўлиб, у Польшадан келтирилган. Ундан биринчи Лжедмитрий I польяк магнатининг қизи Марина Мнишек билан никоҳ тўйида фойдаланган. Унгача фақат қошиқ рус “асбоби“ саналган.

Тайёрловчи: Т.Шомуродов.