Ўзбекистонда Буюк Британия иштирокида Осиё гепарди қайтадан кўпайтирилади
Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов Британиянинг "The Aspinall Foundation" ташкилотининг халқаро масалалар бўйича директори Амос Кураж ҳамда мутахассислар Тони Кинг ва Cтюарт Робертсон билан учрашув ўтказди.
Амос Кураж давлатимиз раҳбарининг шу йил 12-17 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган CMS COP14 халқаро конференциясидаги нутқида Ўзбекистонда Осиё гепардларини қайтадан кўпайтириш ҳақидаги ташаббуси Британия томонида катта қизиқиш уйғотганини таъкидлади. Шунингдек, у республикада муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар сонини уч баробарга кўпайтирилиши, ёввойи ҳайвонларни кўпайтириш бўйича янги лойиҳаларни 2024-2027 йиллар давомида янада жадаллаштириш бўйича вазифаларни эътироф этди.
Мулоқот давомида дунё бўйлаб йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни сақлаб қолиш ва уларни кўпайтиришга доир лойиҳаларини ўзбекистонлик ҳамкорликда амалга ошириш масалалари хусусида фикр алмашилди.
Британия вакиллари Ўзбекистонда Осиё гепардларини қайтадан кўпайтириш, уларни сақлаш ва таҳлилини юритиш ва бошқа жиҳатларни қамраб олган лойиҳаларда иштирок этишга розилигини билдирди.
Мазкур йўналишлардаги вазифаларни батафсил муҳокама қилиш мақсадида "The Aspinall Foundation" ташкилоти ва Ўзбекистон Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Фанлар академияси вакиллари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича алоҳида учрашув ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.
"The Aspinall Foundation" дунё бўйлаб йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни ҳимоя қилишга бағишланган халқаро хайрия ташкилоти ҳисобланади. Фонд 1984 йилда ташкил этилган ва унинг мақсади тутқунликдаги ҳайвонларни бутун дунё бўйлаб қўриқланадиган ёввойи табиат ҳудудлари ва қўриқхоналарига қайтаришдан иборат. Шунингдек, дунёдаги энг ноёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни кўпайтириш, парвариш қилиш, қўриқхоналарни лойиҳалаштириш ва уларни ёввойи табиатга яқинлаштириш.
Ташкилотнинг дунё бўйлаб йўқолиб кетиш хавфи остида турган ҳайвонларни жумладан, горилла, фил, каркидон, жирафа, малларанг сиртлон, Европа бизони ва бўриси, йўлбарс, Осиё гепарди ва бошқа турдаги жонзотларни келгусида сақлаб қолиш ва уларни кўпайтириб ёввойи табиатга мослаштиришга доир лойиҳаларни муваффақиятли амалга оширган, дея хабар беради “Дунё”.