Ўзбекистонда пенсионерлар сони ва ўртача пенсия миқдори қанчани ташкил этади?

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси 2020 йил 1 май ҳолатига кўра, Ўзбекистонда пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 734 230 нафарга етганини маълум қилди.

Бу кўрсатгич 1991 йил 1 январь ҳолатига (2 158 995 нафарга) нисбатан 1 575 235 нафарга ёки 42,2 фоизга кўпайди.

Пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий аҳоли сонидаги улушда ҳам ўсишни кўриш мумкин. 1991 йилда 10,4 фоизни ташкил этган бўлса, бугунги кунда 11,0 фоизни ташкил қилиб, 0,6 фоизга ортган.

Пенсия ва нафақа олувчиларни ҳудудлар кесимида олиб қарайдиган бўлсак, уларнинг 13,3 фоизи Тошкент шаҳрига, 12,3 фоизи эса Навоий вилоятига тўғри келади. Шунингдек, Тошкент, Бухоро, Фарғона, Сирдарё, Андижон вилоятларида 11 фоиздан ортиқ ва Хоразм 11,0 фоизни ташкил этади. Бошқа ҳудудларнинг 9 фоиздан 10 фоизгача бўлган аҳолиси пенсия ва нафақа олувчиларга тўғри келади.

Аҳолининг ижтимоий заиф қатламларини, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсия ва нафақа олувчиларни янада ижтимоий қўллаб-қувватлаш учун қулай шарт-шароитларни яратиш ҳамда республика фуқароларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонларига асосан 1991-2020 йилларда пенсия ва нафақаларнинг миқдори 64 маротаба оширилди. 1991 йил 1 январь ҳолатига пенсияларнинг ўртача миқдори 96 сўм 50 тийин бўлган бўлса, 2020 йил 1 май ҳолатига 747 480 сўмга етди.