Ўзбекистонда референдумга катта тайёргарлик кўрилган
Эртага мамлакатимизда “Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси тўғрисида”ги конституциявий қонун бўйича референдум ўтказилади.
Ушбу жараённи кузатиш мақсадида юртимизга хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчилар келган.
Кузатувчиларнинг бир гуруҳи бугун Самарқанд вилоятида бўлиб, 7-Самарқанд округ комиссияси ва матбуот маркази, референдум участкалари фаолияти билан танишди.
- Бундан аввал Ўзбекистон Республикаси Президент сайловида қатнашганман ва мамлакатингиз сайлов қонунчилигидан яхши хабардорман, - дейди Осиё парлемант ассамблеяси бош котиби Муҳаммад Ризо Мажиди. – Демократик ислоҳотлар ҳам босқичма-босқич, тизимли амалга оширилмоқда. Бу, албатта, сайлов ва референдум жараёнларида яққол акс этмоқда. Сайловлар жуда юқори савияда ўтган эди. Референдум ҳам аҳолининг фаол иштирокида, уюшқоқлик билан ўтишига ишонаман. Участкаларда кўрилган тайёргарлик, одамларнинг кайфияти шундан далолат беради. Мен Ўзбекистон нафақат Марказий Осиё минтақасида, балки дунёда ҳам бошқаларга ибрат бўладиган, ёрдам берадиган давлат сифатида ўз ўрнига эга бўлишини истайман.
- Мен илк бор Ўзбекистонга келиб, сиёсий жараённи кузатиш имкониятига эга бўлиб турибман, – дейди германиялик журналист Саша Вилме. – Бизда, Тюринген шаҳрида ўзбекистонлик ёшларни ўқитиш бўйича дастур бор. Ана шу дастур вакиллари бизни мамлакатингизга таклиф қилишган эди. Танловдан муваффақиятли ўтиб, юртингизга келганимдан хурсандман. Эртага Самарқандда референдумни кузатмоқчиман. Тўғриси, натижалар мени қизиқтирмоқда.
Италиядаги “Планет 360 инфо” халқаро ахборот портали ҳаммуассиси ва бош муҳаррири, МДҲ давлатлари парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчиси Елена Булдакова Ўзбекистонда сайлов ва референдумлар жуда юқори савияда ўтишини эътироф этди.
- 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида кузатувчи сифатида иштирок этгандим ва бу гал МДҲ парламентлараро ассамблеяси халқаро кузатувчилар миссиясини бажармоқдаман, – дейди Элена Булдакова. – Участкаларда овоз берувчилар учун барча шароитлар яратилган, тарғибот тадбирлари ҳам яхши олиб борилганига угвоҳ бўлдим. Айтмоқчиманки, фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини таъминлаш учун барча жиҳатлар инобатга олинган. Журналист сифатида сайловолди ташвиқотларида қатнашиш тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, эртага бўлиб ўтадиган референдум юқори савияда ўтади.
- Жуда кўп давлатларнинг сайлов жараёнини кузатганман – дейди Бутунжаҳон сайлов органлари ассоциацияси бош котиби Джанг Ин Сик. - Турли давлатларда бу жараён ўзига хос тарзда ўтади, яъни бир-бирига таққослаб бўлмайди. Лекин Ўзбекистонда референдумга тайёргарлик жараёни кўтаринки руҳда олиб борилаётганига гувоҳ бўлдим. Ўзбекистон аҳолиси ўз келажаги учун овоз беришга тайёргарлик кўряпти, ҳаёти фаровонлиги учун дадил қадамлар ташлаётганини кузатдим.