Падаркуш ёхуд сув яширмаган жиноят
Оилада ота-онанинг ҳам, фарзандларнинг ҳам ўз масъулияти ва мажбуриятлари бор. Ота-она фарзандини яхши тарбиялаб, жамиятга нафи тегадиган инсонлар сафига қўшса, фарзандлар улар ишончини оқлаб, элга хизмат қилиши лозим.
Аммо фарзанд тарбиясини унутиб, ичкиликка берилган ота уларга қандай намуна бўлади. Яхши тарбия кўрмаган, отага тик боқиб, уни беҳурмат қилувчи фарзандлар-чи?
Башир ака (исмлар ўзгартирилган) спиртли ичимликка ружу қўйиб, уйда арзимас сабаблар билан жанжал чиқарар, хотини ва фарзандларини сабабсиз ҳақоратларди. Мардикорлик қилиб ишлаб топган пулини ҳам оғир шароитда яшаётган оиласининг эҳтиёжига эмас, ароққа сарфлаб юборарди. Фарзандлари эса отасининг қилмишларидан маҳалла-кўйда ноқулай ҳолатга тушар, айниқса, кенжа ўғил Жамол бу ҳолатдан аламзада бўлиб юрарди.
2018 йил 23 август куни кечқурун Башир ака одатдагидек маст ҳолда ўғли ижарага олиб ишлатадиган тамаддихонага кириб келди. Буни кўрган Жамол отасининг яна жанжал қилишини ўйлаб, кайфияти бузилди. Аммо шу тобда унинг хаёлига чақмоқдек бир фикр келди-ю бутун вужудини қамраб олди ва қабих бир режа туза бошлади.
У отасининг маст экани ишни осонлаштириши, шу қулай пайтдан фойдаланиб қолишни ўйлади. Аммо ишнинг янада силлиқ битиши учун ичкилик таъсирида ўтирган отасига бироз егулик ва спиртли ичимлик келтириб берди. Уни бутунлай хушидан айириш учун ароқдан бўшаган идишни қайта-қайта тўлдирди. Ўғлининг "меҳрибонлиги"дан баҳраманд бўлган ота бутунлай ўзини идора қилолмайдиган аҳволга келди.
Бироз вақт ўтгандан сўнг Жамол ўзи кутган пайт бўлганига ишонч ҳосил қилиб, ўйлаган режасини амалга оширишга киришди.
У эҳтиётсизликка йўл қўймас, ён-атрофдагиларга сездирмас, барчасини шошмасдан амалга оширарди. Ичкаридан мато бўлаги ва арқон олди. Сўнг отасининг олдига келиб, "Сизни уйга олиб бориб қўяман", деб елкасида кўтариб қишлоқ томон йўлга тушди...
Қачонлардир елкасида кўтариб ўйнатган, эрка ўғилнинг ҳархашаларидан нолимаган, чучук тилда бераётган саволларига жавоб қайтарган ота энди ўғлининг елкасида эди. Аммо отасини елкасида кўтариб кетаётган ўғил …
ҚОТИЛ ЎҒИЛ
Қишлоқдан оқиб ўтувчи Дарғом канали бўйига етиб келганда ҳам Башир ака сархуш эди. Аммо атрофга бироз назар ташлаб "Бу ерга нега келдик?", дея ўғлидан сўради. Жамол бироз тараддудланиб қолса-да, дарров ўзини ўнглаб чўмилиш учун деди совуқ оҳангда...
Ҳа, албатта, қишлоқнинг четидан оқиб ўтувчи бу анҳорга чўмилишга Башир ака ўғиллари билан аввал ҳам кўп келган. Эсида бир марта кенжа ўғли Жамол отасининг эҳтиёт бўлинглар, сув тез оқадиган жойда чўмилманглар дейишига қарамай, чуқур жойга бориб қолган ва отасидан ёрдам сўраб, бақира бошлаганди. Шунда Башир ака ўзини сувга отиб, ўғлини елкасида олиб чиққанди. Сув ютиб қолгани учун нафаси қайтиб, бироз хушсиз ётганида Башир аканинг кўзига дунё қоронғу кўринган, ўғли хушига келгунча бошидан не ўй-хаёллар ўтганди.
Тоза ҳавода ўзига кела бошлаган Башир ака ўтган воқеаларни бирма-бир эсларкан кеч бўлса-да, ёзнинг иссиқ ҳавосида мириқиб чўмилишни ўйлаб, беихтиёр ёш боладек завқланди. Кўкка тикилиб ётганча ёзнинг тиниқ осмонида юлдузларни томоша қилар, негадир тўйиб-тўйиб нафас олгиси келарди...
...Аммо бехосдан ҳозиргина чақнаб турган юлдузлар ундан узоқлаша бошлади. Зум ўтмай улар бутунлай кўринмай қолди. Башир аканинг кўзлари тина бошлади. Нафаси қайтиб, бутун вужуди билан типирчилар аммо қанча ҳаракат қилмасин ўзини ўнглай олмас, жон ҳолатда бақирар бироқ овозини ўзи ҳам эшитмасди...
Кўзи қонга тўлган Жамол шу тобда фақат бир нарсани – оилада жанжалларга сабаб бўлаётган отасидан бутунлай қутулишни ўйларди. Тамаддихонадан ўзи билан олиб чиққан мато бўлаги ва арқон билан Башир акани бўғиб, отаси жон таслим қилганига ишонч ҳосил қилгунча қўйиб юбормади...
...Сўнг қилган ишининг изини йўқотиш учун жасадни сувга оқизиб юборди.
"ИЧКИЛИККА БЕРИЛГАН БЎЛСА ҲАМ БАРИБИР ОТАНГ"
Жамол "иш"ни битиргач, тамаддихонага қайтиб, онаси ва опаларининг олдига кирди. Қизлар отасини сўраганида уйга олиб бориб қўйганини айтди. Аммо йўл бўйи уни қийнаётган савол тинчлик бермас, қилган ишининг тўғрилигига, ўзининг ҳақлигига баҳона қидирарди. Бироқ бундай жавоб унинг ўзида йўқ эди. Эҳтимол, онаси уни хотиржам қилувчи, оқловчи юпанч айтар.
– Отамнинг борлиги яхшими ёки бўлмагани, – дея сўради у онасининг кўзларига қарамасликка уриниб ва унинг жавобини ҳукм кутгандек кутди. Она эса хотиржам жавоб берди: ичкиликка берилган бўлса ҳам барибир отанг-да.
У отасининг жанжалларидан безор бўлиб юрган онасидан бу жавобни эшитаркан мудҳиш хатога йўл қўйганини тушунди. Аммо энди кеч эди.
Тамаддихонани ёпиб, уйга боришганида Башир аканинг уйда эмаслигини кўриб, онаси ва опалари Жамолга савол нигоҳини тикди. Жамол буни ҳам ўйлаб қўйган эди.
– Отамни даволатиш учун шифохонага ётқиздим, – деди у ўзини отасига жавобгардек тутиб, бошқа саволга ўрин қолдирмаслик учун – шифохона манзилини айтмайман. Акс ҳолда отамни у ердан олиб келиб қўясизлар.
Онаси ва опа-сингиллари кенжа ўғилнинг меҳрибонлигидан хурсанд бўлиб, хотиржам бўлди.
ЁЛҒОННИНГ УМРИ ҚИСҚА
2018 йил 26 август куни Дарғом каналидан топилган мурда марҳум Башир ака эканини ички ишлар ходимлари хабар қилганида Жамолнинг қилмиши фош бўлди.
Жиноят жазосиз қолмайди. Жамол ҳам қилмишига яраша жазо олиб, муддатни ўтаб қайтар. Аммо отасининг қотили – падаркуш деган тавқи лаънатни ҳеч нарса билан ювиб бўлмаслигига тарих гувоҳ.
Ў.МАМАДАЛИЕВ,
жиноят ишлари бўйича вилоят суди раиси ўринбосари.