Қишлоғингиз тарихини биласизми?: Ағрон - қадимий маскан

Қадимий юртимиз бой ва бетакрор тарихга эга. Мамлакатимизнинг қаерига борманг, албатта, муқаддас зиёратгоҳ, тарихий ёдгорлик ёки ўзига хос бунёдкорликка дуч келасиз.

150 мингдан ортиқ аҳоли яшаётган Нуробод туманида ҳам шундай меъморий ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар мавжуд. Жумладан, туманнинг 7 мингга яқин аҳолиси истиқомат қилаётган Ағрон қишлоғи тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қишлоқ ҳудудида жойлашган "Усмон ота" қабристонида олиб борилган археологик тадқиқотлар бу фикримизни тасдиқлайди.

Қабристон жойлашган тепалик V-VII асрларда, Турк ҳоқонлиги даврида мустаҳкам ҳарбий қалъа ва кўчманчи-чорвадор аҳолининг савдогарлар билан савдо-сотиқ қиладиган манзили бўлган. Бу ҳақда 2011 йил археология институти олимлари Амриддин Бердимуродов, Самариддин Суюнов билан ҳамкорликда археологик тадқиқотлар олиб бордик.

Ўрганишлар шуни кўрсатдики, бу қалъа бир пайтлар гавжум жой бўлиб, ҳарбий истеҳком вазифасини бажарган ҳолда муҳим савдо маркази ҳам ҳисобланган. Қўшни Тим, Саҳоба қишлоқларидан йўл олган савдо карвонлари учун қўнимгоҳ сифатида хизмат қилган. Қалъанинг пастки қисмидан Қўрғонча, Булоқбоши қиш­лоқлари жойлашган тоғдан бошланувчи Ингичкасой оқиб, Қашқадарё вилоятининг Косон тумани ҳудудигача бориб етган.

Усмон ота қабристонида лой пишириладиган хумдон қолдиқларининг топилгани бу ерда ҳаёт қизғин давом этганидан далолат беради.

Қалъадан унча узоқ бўлмаган масофадаги Сариқтепа ёдгорлигидан яқинда V-VII асрларда дафн этилган турк жангчисининг қабри топилди. Жангчи туркий халқлар одатига кўра, қурол-яроғи ва оти билан дафн этилган. Қабрдан топилган камон ўқлари, сопол идишлар ва от суяги қолдиқлари ўша давр ҳунармандчилиги ва маданиятини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Жангчининг сополдан ясалган сувдони яхши сақланган. Сувдоннинг бир тарафи белга ёки отга боғлаб юриш учун ясси, силлиқ қилиб ясалган.

Мовароуннаҳр ҳудудида араблар ҳукмронлигининг ўрнатилиши ва ислом динининг тарқалиши билан бу қалъанинг аҳамияти янада ортган. Араб халифалиги ҳукмдорлари қалъада туриб ислом динини кенг ёйган. Доимо одамлар билан гавжум бўладиган бу маскан ўзаро мулоқот қилиш, тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришда уларга қўл келган. Кўчманчи чорвадор, лалмикор деҳқончилик ва савдо ишлари билан шуғулланувчи аҳоли ўртасида ислом динини тарғиб қилиш бўйича ана шундай саъй-ҳаракатлар натижасида Тим қишлоғида Марказий Осиёдаги илк диний марказлардан бири – Араб ота мақбараси вужудга келган. Афсуски, бу диний марказ фаолияти ҳақида илмий-тадқиқот ишлари олиб борилмаган.

"Усмон ота" қабристонида кўплаб диний уламоларнинг дафн этилганини маскандаги X-XIII асрларга тегишли қайроқтошлар, XIV-XVI асрларга оид мармар қабр тошлари исботлайди.

Жорий йил археология институти олимлари Алишер Сандибоев, Комил Раҳимов, Азбиддин Холматов Тим ҳамда Чангалли қишлоқларида олиб борган археологик изланишлари натижасида IX-XII асрларга оид араб манбаларида Абғар (Ағрон) рустоқ сифатида тилга олингани ва у Дарғом рустоқига туташ бўлганлиги ҳақида хулоса билдиришди. Араб манбаларида келтирилишича, “Абғарнинг ўтлоқлари Мовароуннаҳрдаги бошқа ўтлоқлардан ортиқроқ. Агар экинлари зарар кўрмаса, бутун Суғд ва Бухоро учун икки йилга етади”. Шунингдек, Абғарнинг ери лалмикор бўлса ҳам унинг қишлоқларида аҳоли кўп, одамларининг асосий бойлиги чорвачилик бўлгани қайд этилган.

Холмурод Сориев.