Россияда ишлаб чиқарилган вакцина ҳақида дунё мамлакатлари қандай фикрда?
Бразилиянинг Россиядаги элчихонаси 12 август куни Бразилиянинг иккинчи штати коронавирусга қарши вакцинага қизиқиш билдираётганлиги ҳақида хабар қилди. Мамлакат уни синовдан ўтказишга ва ишлаб чиқаришга тайёр эканлиги маълум қилинди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти вакцина синовлари тўғрисидаги маълумотларни текшириб чиқиш хоҳишини билдирди. Ташкилот вакцина устида олиб борилган синов ва тадқиқотлар, ўрнатилган қоидалар асосида амалга оширилганига амин бўлиш ниятида. Бу воситанинг самарадорлиги ва хавфсизлигини баҳолаш учун амалга ошириладиган тадбир.
АҚШнинг юқумли касалликлар Бош мутахассиси Энтони Фаучи, вакцина самарадорлигига ва хавфсиз эканлигига шубҳа билдирди. Унинг сўзларига кўра, америкалик мутахассислар ушбу ҳафтанинг ўзидаёқ бир қанча вакцина намуналарини тақдим этишлари мумкин, бироқ уларнинг хавфсизлиги ва самарадорлиги юз фоиз бўлиши лозим. У охиригача синовдан ўтказилмаган воситани қўллаш нафақат зарурий самарадорликни бермаслигини, балки одамлар саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлигини маълум қилди.
АҚШ президенти ёрдамчиси Келлиан Конуэй, Россия тақдим этган вакцина америкалик мутахассислар томонидан тайёрланаётган вакцинадан ортда қолаётганини ва у жудаям кам клиник синовдан ўтказилганини маълум қилди.
Германия соғлиқни сақлаш вазири Йенс Шпан ҳам Россия вакцинасига ишонқирамаслигини маълум қилди. Унинг фикрига кўра, Россия вакцинасининг энг катта камчилиги – бу маълумотнинг камлиги. Шпан, воситанинг дунёда биринчи бўлиши эмас, хавфсиз бўлиши муҳимроқ эканлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, Швеция ва бошқа бир қатор Европа мамлакатлари ҳам шунга ўхшаш фикрларни билдирдилар.
Россия вакцинасига нисбатан билдирилган салбий фикрлар билан бир қаторда ижобий фикрлар ҳам билдирилди.
Ишончли вакцина пайдо бўлганлиги ҳақида Сербия президенти Александр Вучич маълум қилди. У ноябрда пайдо бўлиши кутилаётган вакцинани руслар бугун чиқарганидан бахтли эканини маълум қилди. Давлат раҳбари айни вақтда вакцина жудаям зарур эканини, бироқ у мутахассислар текширувидан ўтиши лозимлигини таъкидлади.
“Серб мутахассислари уни яхши дейишлари билан мен уни биринчилардан бўлиб қабул қиламан “, - деди Вучич.
Филиппин президенти Родриго Дутерте халққа қилган мурожати вақтида, Россия томонидан ишлаб чиқарилган вакцинани биринчи бўлиб ўзида синаб кўришга тайёр эканини айтди. Унинг сўзларига кўра, ушбу восита инсониятга фойда келтиради, унинг ўзи эса Россия мутахассисларига тўлалигича ишонишини кўрсатиш учун вакцинани биринчи бўлиб ўзида синаб кўриш ниятида.
Шунингдек, Баҳрайн ва Манама ҳукуматлари ҳам Россия томонидан ишлаб чиқилган вакцинани сотиб олиш ниятида эканлигини билдирди.
Бекзод МУСУРМОНОВ тайёрлади.