Россияга қарши "қақшатқич" санкциялар лойиҳаси қўллаб-қувватланди. Қозоғистон «олтин визалар» жорий этмоқда. Сурия Исроил билан тинчликка эришишга тайёр

🔹 70 дан ортиқ АҚШ сенатори Россияга қарши "оғир" санкциялар тўғрисидаги қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлади. Улар Москва тинчлик музокараларидан воз кечса жорий этилади.
🔹 Қозоғистон иқтисодиётига катта маблағ сарфлаган хорижлик шахслар "алтын визалар" олишлари мумкин — бу визалар уларга мамлакатда 10 йилгача бўлган вақт давомида яшаш ҳуқуқини беради. Шундай визани олиш учун хорижлик 300 минг доллардан кам бўлмаган миқдорда пулни Қозоғистон компанияларига ёки маҳаллий қимматли қоғозларга инвестиция қилиши керак.
🔹 Сурия президенти Аҳмад аш-Шараа, Дональд Трампнинг элчиларига Исроил билан тинчлик битими имзолашга тайёрлигини маълум қилди. Аммо ҳозирча Сурия ўзининг ташқи сиёсатини қандай ўзгартиришга тайёрлиги ва Исроил билан тинчликка эришиш йўлида қандай қадамлар ташланишини аниқ айтиш қийин.
🔹 Жанубий Корея президентлик сайловларига яқинлашган сайин сиёсий саросима фазасига кирмоқда: ижро этувчи президент Хан Док Су ўз истеъфосини эълон қилди. Бу қарор «инқирозни енгиш учун барча ишларни амалга ошириш зарурати» туфайли қабул қилинган. Хан ўз баёнотида мамлакатга ҳамкорлик йўли билан юриш ёки ижтимоий бўлинишни кучайтириш ўртасида танлаш кераклигини таъкидлади. У 3 июнда бўладиган президентлик сайловларида номзод сифатида чиқиши мумкин.
🔹 Teslaнинг директорлар кенгаши миллиардер Илон Маскни алмаштириш учун янги бош директор изламоқда. Электр автомобиллар ишлаб чиқарувчи компания раҳбарияти Tesla акцияларининг қиймати тушиб кетиши ва инвесторлар Маскнинг Оқ уйда кўп вақт ўтказишидан норозилик билдиришлари ортидан, бир ой аввал Маскка ўринбосар топишга қарор қилишган.
🔹 Бугун Эронда 5,0 магнитудали зилзила содир бўлди. Зилзила оқибатида 3 киши жабрланган. Кичик вайронагарчилик кузатилган.
🔹 Бугун Буюк Британияда маҳаллий сайловлар ўтказилади.
🔹 Кения парламенти депутати Чарльз Онгондо Вере Найробида отиб ўлдирилган.
🔹 Украина томони муаммони ҳал қилиш учун ҳудудий йўқотишларга боришга тайёр, лекин буни юридик жиҳатдан эътироф этишни хоҳламайди. АҚШ президентининг Украина бўйича махсус элчиси Кит Келлог Fox News телеканалига берган интервьюсида шундай деди. "Украиналиклар Россия амалда босиб олган ҳудудларни беришга тайёр, гарчи буни қонуний жиҳатдан тан олмасалар ҳам. Улар бу вариантга рози. Ўтган ҳафта улар менга бу келишувни муҳокама қилишганини айтишди. Улар ўт очишни тўхтатишга тайёр”, дейди у.
🔹 АҚШ ва Украина фойдали қазилмалар бўйича келишув имзолаган эди. Бу келишув орқали Вашингтон 350 миллиард доллардан ортиқ маблағ олиши мумкин, дея маълум қилади АҚШ Молия вазирлиги. Бугун Украина Бош вазирининг биринчи ўринбосари Қўшма Штатлар билан қўшма инвестиция фондини ташкил этишни назарда тутувчи минерал ресурслар бўйича келишув имзоланганини тасдиқлади. Томонлар Украина ҳудудида фойдали қазилмаларни биргаликда қазиб олишади.
🔹 Бугун, 1 май 150 мамлакатда Халқаро меҳнаткашлар куни байрами сифатида нишонланмоқда. Бу сана XIX асрда, 1886 йил 1 майда Чикаго ишчиларининг талаблари билан бошланган, улар иш кунини 15 соатдан 8 соатга қисқартиришни талаб қилган. Бу кун МДҲ давлатларидан Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россияда дам олиш куни ҳисобланади.
Г.Холдорова тайёрлади.