Самарқанд шаҳри аҳолисига 130 та автобус хизмат кўрсатмоқда
Самарқанд шаҳрида аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, шу пайтгача 53 йўналишда 441 та автобус йўловчиларга хизмат кўрсатиб келаётган эди. Аммо бугунги кунда йўловчилар оқимининг кескин камайиши сабабли йўналишга чиқувчи автобуслар ҳам қисқартирилди.
24 март ҳолатида жамоат транспорти соҳасида фаолият юритаётган 18 та корхонадаги автобусларнинг 130 таси Самарқанд шаҳрида йўловчиларга хизмат қилмоқда. Бунинг натижасида йўналишларда белгиланган оралиқ интерваллар вақтинча узайтирилди.
Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд вилояти санитария-эпидемиология осойишталик маркази ходимларининг кўрсатмалари бўйича барча автобуслар йўналишга чиқарилишидан олдин соат 4:00 дан бошлаб дезинфекция қилинмоқда.
Бундан ташқари, Самарқанд шаҳри ва туманларда жойлашган автовокзаллар, автобошбекатлар ва автобусларнинг сўнгги бекатларида ҳар 4 соатда зарарсизлантириш профилактикаси олиб борилмоқда. Йўналишсиз таксиларда ҳам белгиланган тартибда ва вақтда дезинфекция ишлари амалга оширилмоқда.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.