Самарқанддаги 10-меҳрибонлик уйи фаолияти тугатилди - ўрнида математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернати ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштиришнинг муқобил шаклларини танлаш, оила институтини мустаҳкамлаш ҳамда ижтимоий етимликнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 824-сонли қарори билан тасдиқланган Меҳрибонлик уйларини ноинституционаллаштириш дастурига мувофиқ ҳамда интернат типидаги муассасаларда тарбияланган болаларни жамиятга ижтимоий мослашувида кўплаб муаммолар мавжудлигини инобатга олиб, вилоятимиздаги 1- ва 10-меҳрибонлик уйлари мақбуллаштирилди.

Бугунга қадар 1- ва 10-меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган 229 нафар болаларнинг атиги 18 нафари чин етим бўлиб, 72 нафари ярим етим, 53 нафари ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилганларнинг, 72 нафари кам таъминланган оилаларнинг, 4 нафари ногиронларнинг, 10 нафари озодликдан маҳрум этилганларнинг фарзандлари ташкил этган.

Ушбу тарбияланувчиларнинг оилавий ҳолатини яхшилаш, кунлик даромад манбаи билан таъминлаш борасида олиб борилган ишлар натижасида 10-меҳрибонлик уйидаги 113 нафар боладан 40 нафари оиласига, 12 нафари “SOS” болалар маҳалласига, 61 нафари 1-меҳрибонлик уйига кўчирилди.

1-меҳрибонлик уйидаги 116 нафар болаларнинг 4 нафари фарзандликка, 2 нафари васийликка, 49 нафари оилаларига қайтарилди.

Вилоят ҳокимининг 2020 йил 29 июлдаги 108-Қ-сонли қарори билан 10-меҳрибонлик уйи тугатилди. Ҳозирги кунда унинг ўрнида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган мактаб-интернатини очиш бўйича амалий ишлар олиб борилмоқда.

Бу ҳақда вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов халқ депутатлари вилоят Кенгашининг VI чақириқ XV сессиясида маълум қилди.